Ёнган хазон барглар касаллик тарқатишидан хабардормисиз?

Куз фаслида хазон ва шох-шаббаларни ўзбошимчалик билан ёқиш ҳолатлари учраб туради. Қуриган шох-шаббалар, барглар, ўтлар, ҳар хил чиқиндилар ёқилганда заҳарли ва канцероген моддалар ажралиб, ҳаво таркибини бузади. Бу турли хилдаги аллергик, астматик ва ўсма касалликларни келтириб чиқаради.
Ўзбекистон Экологик ҳаракати Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси томонидан ташкил этилган “Мавсумий экологик муаммолар ва уларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар” мавзусидаги тадбирда ана шу ҳолатлар ва уларнинг олдини олиш чоралари ҳақида сўз борди.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 18 майдаги “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳа фаолиятида муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Тадбирда юртимиздаги экологик мувозанатни сақлаш учун хазон ҳамда шох-шаббалар, чиқинди уюмларини ёқишга йўл қўймасдан ўз вақтида олиб чиқиб кетиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш чора-тадбирларини кўришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.
Маълумотларга кўра, бир тонна хазон ёнганда ҳавога диоксин, углеводородлар, бензопирен каби 30 килограмм заҳарли модда тарқалади. Уларнинг организмга аста-секин таъсир қилиши оқибатида тўқималар фаолияти бузилиб, саратон касаллиги пайдо бўлади. Бу нохуш экологик вазият туфайли келиб чиқадиган касалликлардан бири – бронхиал астма тиббиётда долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.
Инсон саломатлиги ва табиий ресурслар мамлакатимиз қонунчилиги билан муҳофаза қилинган. Қонунчилигимизда атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатганлик учун жавобгарлик назарда тутилган.
Экоҳаракат қошида фаолият олиб бораётган “Ишонч телефони”га республикамиз аҳолисидан мунтазам равишда экологик муаммолар бўйича мурожаатлар келиб тушмоқда. Таққосларга кўра, бу каби мурожаатлар Тошкент шаҳрида аввалги йилларга нисбатан кескин камайган. Мутахассислар фикрича, бу аҳолининг экологик билими ва маданияти ошаётганидан далолатдир.
Тадбирда мутасадди давлат органлари томонидан мазкур экологик муаммоларнинг олдини олиш ва бартараф этиш юзасидан олиб борилаётган ишлар, тарғибот-ташвиқот тадбирлари, ҳуқуқий таъсир чоралари ҳақида батафсил маълумот берилди.

 

Даврон Суннатов, ЎзА