Метро гўзалликларини тарихга муҳрлаш, тарқатиш ва реклама қилиш тақиқланмайди

Қишнинг совуқ дамларида илиқ, ёзнинг иссиқ вақтларида салқин бўлгани учун метрополитендан фойдаланиш кишига ўзгача ҳузур бахш этади. У нафақат манзилни яқин қилади, қолаверса, кайфиятини кўтаради, хаёлининг бир четида турган турмуш ташвишларини оз муддат бўлса-да, унутишга кўмак беради.
Метрополитен йўловчилари орасида шундай ақида бор: қонун-қоида мавжудми, тамом, унга амал қилиш керак! Шу туфайли метронинг ичида бир-бирини ҳақорат қилиб гаплашган кишиларни, бозорчи аёллардек қўлини белига қўйиб ғийбатлашиб ёки гуррос солиб кулиб ўтирганларини учратмайсиз… Метрода ҳаракат шовқинидан бўлак сурон йўқ. Ҳамма ундан интизом билан фойдаланади.
Яқин кунларда ҳам метро ичида суратга тушиш тақиқланган эди. Бу метрополитендан фойдаланиш низомининг махсус бандида ҳам алоҳида таъкидланган эди. Шунинг учун йўловчилар метронинг ичида суратга тушмас, тушган ҳолатда ҳам расмлари масъул ходимлар томонидан ўчиртириб ташланар эди. Бугун эса аксинча.
– Бугун метродан фойдаланувчилар бошқа йўловчиларга зиёни тегмаган ҳолда суратга тушишлари мумкин, – дейди “Тошкент метрополитени” унитар корхонаси ҳаракат хизмати бошлиғи Султон Қодиров. – Хоҳлаган вақтида ушбу расмларини ижтимоий тармоқларда тарғиб қилишлари, тарқатишлари ҳам тақиқланмаган. Бу эса бизга туризмни тарғиб қилишда яхши самара бермоқда. Аввал рухсат берилмаганлигининг асосий сабаби ноўрин расмлар четга чиқиб кетмаслиги, метрополитен фаолиятига зарар келтирувчи суратлар тарғиб қилинмаслиги учун белгиланган тартибда тақиқлар бор эди. Аммо метрополитен ичида суратга тушиш мумкин дегани, тартибни бузиш, шовқин кўтариш, маъмуриятининг рухсатисиз видеоёзувчи ва бошқа мобиль-электрон мосламалари (мобиль телефон, смартфон, планшет ва бошқалар) орқали кино – фотосуратга олиш, шунингдек, товуш чиқарувчи ва бошқа техникадан, магнитофон, радиоприёмник эшитиш мосламалари билан ёки уларсиз ҳамда чолғу асбобларидан фойдаланиш, жамоат тартибига хавф солувчи омилларни келтириб чиқариш дегани эмас.

 

Дилобар Маматова, ЎзА