“YouТube”ни ер ютдими?

Айни кунларда юртимиздаги интернет фойдаланувчилари YouTube видеохостинги яхши ишламаётгани туфайли тармоқдан фойдалана олмаяпти. Мазкур муаммонинг сабаби эса турли хил талқин қилинмоқда. Аксарият интернет фойдаланувчилари видеохостингга кириш атай чекланмоқда, деган фикрда. Facebook ижтимоий тармоғига киришда ҳам ноқулайликлар кузатилаётгани маълум. Шу боис кўпчилик тармоққа уланишда VPNдан фойдаланмоқда.
Ўзбекистонда YouTube видеохостинги яхши ишламаётгани борасида расмий изоҳ берилмаётгани интернет фойдаланувчиларининг норозилигига сабаб бўлмоқда.
Биз Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига телефон орқали бу ҳақда сўраб, мурожаат қилганимизда аниқ маълумот, изоҳ ололмадик.
“Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясининг мурожаатлар бўлими ходими Бобур Абдуллаев билан телефон орқали гаплашганимизда YouTube ишламаслигига компания айбдор эмаслиги, тармоқда муаммо йўқлигини айтди.
– Фойдаланувчилар энг кўп интернет трафигини YouTubeдан фойдаланиш учун сарфлайди. Шу боис унинг яхши ишлаши бизга фойда келтиради. Қолаверса, компаниямиз видеохостинг ишига таъсир кўрсатиш учун расмий ҳуқуққа эга эмас, – дейди Б.Абдуллаев.
Шу тариқа муаммонинг асл сабабига аниқ жавоб топилмаяпти. Биз бу ҳақда Ўзбекистонда YouTube видеохостинги фаолияти учун масъул ташкилотлардан жавоб кутиб қоламиз.

 

Инобат Аҳатова, ЎзА