Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 10-11 октябрь кунлари Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг Сочи шаҳрида бўладиган навбатдаги мажлисида иштирок этади. 

Мажлисда МДҲга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиши, минтақавий ва халқаро миқёсдаги масалалар юзасидан фикр алмашиши, 2018 йилда Ҳамдўстликка раислик қиладиган давлат масаласини кўриб чиқиши кутилмоқда.

Саммит якунида МДҲга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарларининг Оила институти ва анъанавий оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш бўйича баёноти, 2019 йилни Китоб йили, 2020 йилни 1941-1945 йиллардаги улуғ Ватан урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги йили, деб эълон қилиш ҳақида қарор, шунингдек, Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бошқа ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган.

Ўзбекистон Президенти Сочи шаҳрида икки томонлама қатор учрашувлар ҳам ўтказади.