Аёллар фаоллиги тараққиёт учун муҳим

Пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида “Мамлакатнинг демократик янгиланиши ҳамда модернизациясида аёлларнинг роли: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 февралдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида ташкил этилган ушбу тадбирда маҳаллий ва халқаро аёллар институтлари вакиллари, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётда фаол аёллар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўринбосари Светлана Ортиқова, БМТ Бош котибининг махсус вакили, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья Герман, БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги доимий вакили Ҳелена Фрейзер ва бошқалар Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонда хотин-қизлар гендер тенглиги масаласи давлатлараро сиёсий аҳамият касб этиб, бу уларнинг давлат бошқарувидаги мавқеи ва ўрнини мустаҳкам эгаллашида ҳамда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, турли соҳа ва тармоқларда иштирокини таъминлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим эканини таъкидлади.

Бу каби талаблардан келиб чиқиб ташкил этилган ушбу халқаро анжуман ҳам мамлакатимизда хотин-қизларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанглиги билан эътиборга лойиқ. Ундан асосий мақсад эса халқаро ҳамжамиятни Ўзбекистон аёлларининг жамият ва давлат бошқарувидаги мавқеи, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий йўналишлардаги фаол иштироки билан таништириш, ўз навбатида, халқаро тажрибани ўрганиш ва амалиётга татбиқ этишдир.

Айтиш мумкинки, бугун мамлакатимизда хотин-қизларнинг барча соҳалар бўйича фаол иштироки таъминланмоқда. Улар орасида 17 нафар сенатор, 15 нафар Қонунчилик палатаси депутати, 15 нафар Ўзбекистон Қаҳрамони, 6 нафар академик, 514 нафар фан доктори борлиги аҳамиятлидир. Шу жумладан, маҳаллий Кенгаш депутатларининг 23 фоизи, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат соҳаларида фаолият юритаётган ходимларнинг 72 фоизи аёллардир. 8,5 мингдан кўпроқ аёллар маҳаллалардаги диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимида ишлайди. 285 нафар иқтидорли қизларимиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндоридир.

Бугун мамлакатимизда аёллар фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳада ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунга Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг халқаро миқёсда ўрнатган алоқалари яққол далил бўла олади. Мисол учун, бугун қўмита аёллар масаласига оид йўналишларда Россия, Озарбайжон, Туркманистон, Қозоғистон, Хитой, Германия каби давлатлар билан ўзаро халқаро ҳамкорликни йўлга қўйган.

Шаҳрисабздаги «GULNOR ART» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Гулнора Одилова жамиятда ўз ўрнини эгаллаган фаол аёллардан. Бугунги кунда мазкур корхонада 75 турдаги миллий маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Муҳими, корхонада 250 нафардан ортиқ аёл иш билан таъминланган.

photo5411335597127215529.jpg

photo5411335597127215530.jpg

– Онамнинг онаси Бухоро амири учун чопон тиккан экан, – деди Гулнора опа. – Бугун жамоамиз тиккан маҳсулотлар эса дунё вакиллари назарига тушди. Буни мен момоларимизнинг миллий удумларни авлоддан-авлодга қолдирган муқаддас мероси, деб биламан. Ушбу халқаро тадбир мамлакатимизда тадбиркор аёлларга қаратилаётган эътиборнинг амалдаги ифодаси бўлди. Негаки, юртимизда хотин-қизлар ҳамиша қадрланган. Буни ўз тадбиркорлик фаолиятимдан биламан. Ҳар бир ғоя устида ишлаётганимда Ҳукумат ва Хотин-қизлар қўмитаси кўмагини ҳис этиб тураман.

– Бугунги кунда Афғонистонда ҳам хотин-қизлар масаласи асосий ўрин эгалламокда, – деди Афғонистон хотин-қизлар масалалари бўйича вазири Дилбар Назарий. – Аёлларимизга эркинлик бериш, тенглигини таъминлаш ва давлат бошқарувида фаоллигини ошириш масаласи Конституциямизда белгилаб қўйилган. Айни кунда бу борада қонун ва меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилмокда. Ҳозирги кунда 27 фоиз аёллар қуйи парламентда, 26 фоизи давлат органларида, 1 фоизи ҳарбий соҳада, 39 фоизи мактабда, 23 фоизи олийгоҳларда ва 17 фоизи бошқа йўналишларда фаолият юритмоқда. Бу борада муаммолар бўлишига қарамай, хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқлилиги масаласини ҳал қилишга эришмоқдамиз. Бунинг асосий сабаби эса афғон аёлларининг тинчлик исташида, тинчлик тарафдори эканида. Шу сабабли Ўзбекистон, БМТ ва бошқа давлатлар бизни қўллаб-қувватлаётганидан беҳад миннатдормиз. Тошкентда ўтказилган бугунги учрашув манфаатли алоқаларни янада мустаҳкамлашга, тажрибаларни ўрганишга кенг имкониятлар очиб беради.

Тадбир доирасида иштирокчиларнинг Самарқандга ташрифи кўзда тутилган.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева сўзга чиқди.

 

Насиба Зиёдуллаева, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА