Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Парламент қуйи палатасидаги фракцияси йиғилишида Қонунчилик палатаси мажлиси муҳокамасига киритилиши режалаштирилаётган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Йиғилишда дастлаб иккинчи ўқишга тайёрланган «Ўзбекистон Республикасининг Консуллик уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси консуллик мансабдор шахси, шунингдек, фахрий консулнинг ҳуқуқий мақоми, уларни тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш тартиби белгиланиши, амалга ошириладиган консуллик функцияларини тартибга солишни кўзда тутади. Унда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг репатриацияси ҳамда паспорт ва бошқа ҳаракатланиш ҳужжатлари йўқолган ёхуд муддати ўтган тақдирда қайтиши учун гувоҳнома бериш ҳамда яшаш учун зарурий маблағларсиз қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига кўмаклашиш бўйича тегишли вазифалар белгиланмоқда.
Консуллик уставининг янги таҳрирда қабул қилиниши халқаро консуллик ҳуқуқи норма ва тамойилларининг миллий қонунчилигимизга имплементацияси жараёнини чуқурлаштириш, консуллик мансабдор шахсларининг фаолият самарадорлиги, жавобгарлиги ва улар томонидан ишлаб чиқилаётган ҳужжатларнинг сифатини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, бошқа давлатлар билан дўстона муносабатларни ривожлантириш ҳамда улар билан савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий ва бошқа алоқаларни кенгайтиришни таъминлашга кўмаклашади.
Йиғилиш иштирокчилари «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини муҳокамалардан сўнг иккинчи ўқишда қабул қилдилар. Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига энергетик ичимликларни 18 ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 7 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
«Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунда энергетик ичимликлар тушунчасига таъриф берилмоқда ҳамда «Реклама тўғрисида»ги қонунда бундай ичимликларни истеъмол қилишнинг зарари, тавсия этилмайдиган шахслар ҳақидаги ахборот мавжуд бўлиши кераклиги, шунингдек, телевидение ва радио орқали реклама қилиш вақтлари аниқ белгиланмоқда, болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган босма нашрларда, шунингдек, тиббиёт, спорт ва таълим муассасаларида энергетик ичимликларни реклама қилиш тақиқланмоқда.
Бундан ташқари, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Фракция йиғилишида бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Улар юзасидан фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА​