Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида 6 ноябрь куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотидаги Италия раислигининг гендер масалалари бўйича махсус вакили Мелани Вервир билан учрашув бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Сенати Раиси ўринбосари С.Ортиқова меҳмонларга мамлакатимизда хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш, улар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-сиёсий ва тиббий маданиятини, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёлларнинг жамият ҳаётидаги фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор, амалга оширилаётган лойиҳалар, бу борадаги халқаро ҳамкорлик билан таништирилди.
Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда хотин-қизларнинг давлат бошқаруви, вакиллик органлари, тадбиркорлик ва бизнес соҳасидаги, шунингдек, жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётининг бошқа тармоқларидаги фаоллиги янада ортган.
Мулоқот чоғида хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оила ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим ўрин тутаётгани қайд этилди. Мамлакатимизда хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини ошириш, бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, аёллар тадбиркорлигининг турли шаклларини ривожлантириш, аёллар нодавлат нотижорат ташкилотларининг мамлакат ҳаётида ва хотин-қизлар халқаро ҳаракатида фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш юзасидан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шу орқали гендер тенгликни таъминлашга қаратилган фаолиятни мувофиқлаштириш каби вазифалар муҳокама қилинди.
Учрашувда, шунингдек, халқаро экспертлар томонидан ЕХҲТнинг 2004 йили қабул қилган Ҳаракатлар режасига мувофиқ дунё мамлакатларида ташкилот мажбуриятларининг бажарилиши, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенглигини таъминлаш йўналишларида олиб борилаётган ишлар юзасидан маълумотлар берилди.
Мелани Вервир Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари олий қадрият даражасига кўтарилгани, хусусан, гендер тенгликни таъминлаш борасида қатор амалий ҳаракатлар юқори суръатларда олиб борилаётганини мамнуният билан қайд этди. Пойтахтимизда ўтадиган “Мамлакатни демократик янгилаш ва модернизация қилишда хотин-қизларнинг ўрни: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзусидаги халқаро конференция бу борада ўзаро тажриба алмашиш, дунёда мавжуд илғор тенденцияларни жорий қилиш бўйича ўзаро фикр алмашиш учун қулай платформа бўлишини таъкидлади.
Тадбир сўнгида ҳамкорлик йўналишлари, истиқболли режалар юзасидан маслаҳатлашувларни давом эттиришга келишиб олинди.
Зуҳра Мирзабоева, ЎзА