Бағрикенг Ўзбекистон

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ташкил этилган “Бағрикенг Ўзбекистон!” ёшлар фестивалининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Фестиваль мамлакатимиз ёшлари орасида миллий истиқлол ғояси, xалқимизнинг бой маданий мероси ва маънавий-аxлоқий анъаналари, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик ғояларини кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил этилди. Унинг маҳаллий босқичлари жорий йилнинг май-июнь, ҳудудий босқичлари эса июль-сентябрь ойларида бўлиб ўтди. Фестивалда иштирокчилар иншолар, шеърлар, видеороликлар (ижтимоий тармоқларда), тасвирий сурат, фотосуратлар, турли миллат вакилларининг миллий рақслари танловлари бўйича ўз билим ва истеъдодини намойиш этди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси ўринбосари Дилноза Каттахонованинг айтишича, фестивалнинг жойлардаги босқичларида турли миллат ва элатга мансуб 29 минг 600 нафардан ортиқ, ҳудудий босқичларида эса 2 минг 770 нафардан зиёд ёшлар қатнашди. Уларнинг 576 нафари фестиваль финалида қатнашиш учун йўлланмани қўлга киритди.
Тадбир давомида миллатлараро тотувлик ғоясини акс эттирувчи суратлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Танлов натижаларига кўра, иншолар танлови бўйича ёш тоифасида Бухоро вилоятидан Маржона Ярашева, Навоий вилоятидан Дилобар Ражабова мутлақ ғолибликни қўлга киритди.
Шеърлар танлови йўналиши бўйича эса Жиззах вилоятидан Умида Мавлонова, самарқандлик Парвина Зокирова, сирдарёлик Авазбек Хўжамбердиев биринчи ўринга муносиб кўрилди.
Тасвирий суратлар бўйича Жиззах вилоятидан Мадина Низомова, Тошкент шаҳридан Ширин Аъзамова, Эрик Қулманов муваффақият қозонди. Фотосуратлар танловида Тошкент шаҳридан Ибраим Серлиев, видеороликлар танловида пойтахтлик Фарангиз Тоштемирова ғолиб бўлди.
Рақслар танлови йўналишида наманганлик Одина Ойбекова, қорақалпоғистонлик Нурсултон Сапарбаев, жамоавий рақс йўналишида эса икки тоифадаги ёшлар ўртасида ҳам Навоий вилояти “Фарҳод” рақс жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди.
Фестивалнинг ғолиб ва совриндорлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

Н.Усмонова, ЎзА