Энди телефон қўнғироғисиз тез тиббий ёрдамни чақириш мумкин бўлади

TezMedʼ лойиҳаси – тез тиббий ёрдам бошқарув тизимини автоматлаштириш учун инновацион дастурий таъминот тўплами саналади. У мобил илова сифатида аҳолидан келиб тушаётган маълумотларни қабул қилиш ва рўйхатдан ўтказиш учун мўлжалланган бўлиб, уларни автоматик равишда устун тартибда белгилаш ва планшетларнинг GPS навигациясидан фойдаланиш орқали транспортни бошқариш учун мўлжалланган. Бу ҳақида Terabayt.uz маълумот берди.

Лойиҳа муаллифи Мадина Хамидованинг айтишича, бу хизмат тез тиббий ёрдамга мурожаат қилган шахсларнинг манзилини автоматик равишда қидириб топади. Мурожаатчиларнинг ёшини ва чақирув сабабини кўрсатган ҳолда, тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилмасдан туриб, бепул тиббий хизмат чақирувини қолдириш мумкин.

Бундан ташқари, ушбу дастур дори-дармонлар ва тиббий маҳсулотларнинг реквизитларини сақлаб туради. Аҳолининг тез тиббий ёрдам самарадорлигини баҳолашни ҳам назорат қилади. Унинг функционал имкониятлари жуда кўп. Жумладан, шошилинч тиббий хизматни қўнғироқсиз, мобил илова орқали чақиришга ва тез тиббий ёрдамни кузатишга, энг яқин тез тиббий ёрдамни чақирув манзилига етиб боришига имкон беради. Қисқа вақт ичида тиббий муассасаларнинг маълумотлар базасидаги муҳим алоқаларни топиш ва ходимлар билан бевосита алоқада бўлиш имконини беради.

“Техник жиҳатдан, бу дастур iOS ва Android операцион тизимларига мобил иловани ўрнатиш орқали, шунингдек, ҳайдовчининг Android дастурини ва тез ёрдам диспетчери учун маълумот бошқариш «web-interfeys»ини ўз ичига олган тизим сифатида қўлланилади”- дейди Мадина.

«TezMed» тизимидаги янгилик шифокорлар беморларнинг касалликлари ва мавжуд аллергия ҳолати ҳақида маълумот келтирилган электрон тиббий картасидан фойдалана олади. Бундай маълумотлар шифокорларга тез ва тўғри тиббий хулоса чиқариш ҳамда тўғри ташхис қўйишга ёрдам беради. Бундан ташқари, дастурнинг ўзига хос хусусияти шундаки, қўнғироқдан сўнг сиз тез ёрдам бригадасини кузатишингиз, келиш вақтини билишингиз ва тиббий хизматни баҳолашингиз мумкин.

«TezMed» тизими ёқилғи сарфини камайтириш, керакли статистикани олиш, ёлғон чақириқларни аниқлаш, фавқулодда вазиятлар, бахтсиз ҳодисалар ва касалликлар оқибатларини бартараф этишда ёрдам беради. Энди диспетчерлар қоғоз тўлдириб овора бўлишмайди. Фақатгина келиб тушаётган онлайн-чақирувларни тасдиқлашади, холос. Бу орқали энг яқин тез тиббий хизматини ҳам автоматик равишда аниқлаш мумкин бўлади.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, ушбу лойиҳанинг муаллифи Ҳамидова Мадина «International House – Tashkent» академик лицейининг учинчи босқич талабасидир. Бу лойиҳа устида 2018 йил март ойидан бошлаб иш олиб борган. Бу инновация Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлими бошлиғи томонидан амалиётга тадбиқ этишга йўналтирилди.

 

ЎзА