Ўзбекистон – Германия: парламентлараро ҳамкорлик

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида 31 октябрь куни Германия Бундестагининг “ГФР – Марказий Осиё” парламент гуруҳи раиси Манфред Грунд бошчилигидаги делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
1.jpg
Музокара аввалида Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм қўмитаси раиси А.Курманов меҳмонларга 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатимизда қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган изчил ислоҳотлар тўғрисида сўзлаб берди.
Томонлар Ўзбекистон – Германия муносабатларини, жумладан, парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди. Ўзаро ишонч ва манфаатдорлик Ўзбекистон – Германия сиёсий муносабатларининг асосини ташкил этиши алоҳида қайд этилди.
“ГФР – Марказий Осиё” парламент гуруҳи раиси М.Грунд Германия Бундестаги ташкил этган “Халқаро парламент стипендияси” дастури, унинг мақсад-моҳияти тўғрисида маълумот берди. Ушбу дастур истиқболли кадрларни Германия парламенти фаолияти билан таништириш ва парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлашни мақсад қилган. Ҳар йили Бундестагда амалиёт ўташ учун 120 га яқин стипендия ажратилади. 40 дан ортиқ мамлакат вакиллари ушбу дастур стипендиатлари ҳисобланади.
– Октябрь ойида Бундестаг Ўзбекистонни ушбу дастур иштирокчилари рўйхатига киритиш юзасидан қарор қабул қилди, – деди Манфред Грунд. – Ишонамизки, Ўзбекистоннинг ушбу рўйхатга киритилиши соҳа вакилларининг халқаро тажрибаларни ўрганиши ҳамда икки томонлама парламентлараро ҳамкорликни йўлга қўйишимизда муҳим аҳамият касб этади.
Учрашувда Ўзбекистонда индустриал-инновацион дастурларни амалга оширишда Германиянинг иштироки, Марказий Осиё ва Европа мамлакатлари ўртасида ўзаро фойдали мулоқотни ривожлантириш, минтақада хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, Афғонистондаги вазиятни юмшатишда истиқболли ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

 

Зуҳра Мирзабоева, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА