Ёшлар тадбиркорлиги қандай йўлга қўйилмоқда?

Қўнғирот – Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий марказидан анча олисда жойлашган туманлардан бири. Йирик саноат зоналаридан бири бўлган туманда Қўнғирот сода заводи, Устюрт газ-кимё мажмуаси каби йирик корхоналар фаолият юритади. Уларда минглаб ёшлар меҳнат қилмоқда. 

Лекин бу туманда ёшларни иш билан таъминлаш, уларни ўз тадбиркорлигини ташкил этишга жалб қилиш борасида муаммолар, қилиниши керак бўлган ишлар кўнгилдагидек дегани эмас. Бу борадаги масалаларни ўрганиш, уларни бартараф қилиш борасида ҳудудда “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури ижроси доирасида қатор амалий ишлар қилинмоқда.

“Yoshlar – kelajagimiz” жамғармасининг туман филиали ҳисобидан тегишли кўникмаларга эга бўлмаган жами 198 нафар ёшга уй хўжаликлари учун 37 та парранда, 56 бош қуй-эчки, 107 бош қорамол бериш учун рўйхат ишлаб чиқилмоқда. Дастур доирасида ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган 15 нафар ёшга 3 миллиард сўм миқдорда имтиёзли кредитлар ажратиш лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Дастур бўйича 6 нафар ёш тадбиркорга имтиёзли шартлар бўйича 814 миллион 400 минг сўмлик кредит ажратилди. Натижада яна 31 ёшнинг бандлиги таъминланди.

Айни пайтда имтиёзли кредит ажратилган 6 нафар ёш тадбиркор томонидан олиб борилаётган ишлар қизғин паллага кирган. Шулардан бири Исмайил Қалендеров 196 миллион 400 минг сўм миқдордаги маблағни пластик ром ва эшиклар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳага йўналтирди.

Шунингдек, 107 нафар ёшнинг ҳар бирига ғалладан бўшаган майдонлар ҳисобига 1 гектардан ер ажратилиб берилди. Бу ерларда ёшлар тажрибали деҳқонлар кўмаги ва маслаҳати билан турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирмоқда. Бу лойиҳа сабаб ёшларнинг нафақат бандлиги таъминланмоқда, балки уларнинг қишлоқ мулкдори бўлишга кўникмасини шакллантираётир.

17.JPG

19.JPG

 

Есимхон Қаноатов, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА