Тошкентда яна битта замонавий ишбилармонлик маркази барпо этилади

Президентимиз Business city – “Юнусобод” замонавий ишбилармонлик маркази лойиҳаси билан танишди.
Пойтахтимиз улкан бунёдкорлик лойиҳалари эвазига кун сайин ўзгариб, гўзал қиёфа касб этиб бормоқда. Янги-янги аҳоли массивлари, муҳташам кўприклар, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа иншоотлар шаҳарни нафақат архитектуравий жиҳатдан, балки яшаш ва дам олиш, бизнес юритиш шароитларига кўра қулай мегаполисга айлантирмоқда.
Узоққа бормайлик, шаҳарнинг қоқ марказида қад ростлаётган “Toshkent City” халқаро ишбилармонлик маркази қурилиш бобидаги тасаввурларимизни бутунлай ўзгартириб юборди. Бу ерда замонавий технологиялар ва меъморлик андозалари асосида тикланаётган баланд иморатлар Тошкентни минтақамизнинг шаҳарсозлик соҳасидаги диққатга сазовор марказларидан бири мақомини олиши имконини беради.
Ривожланишнинг бугунги суръатлари, аҳолининг яхши яшашга эҳтиёжи, жаҳондаги ўзгаришлар кўламини ҳисобга олган ҳолда пойтахтимизда яна бир нечта замонавий ишбилармонлик маркази қад ростламоқда.
68e753e0-00be-7c8f-2a13-b7951a631980.jpg
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 августдаги “Республика ҳудудларида «Business city» замонавий ишбилармонлик марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Юнусобод туманининг Отчопар – 2 маҳалласи ҳудудида қуриладиган “Business city” – “Юнусобод” замонавий ишбилармонлик маркази навбатдагиси бўлади.
Замонавий ишбилармонлик марказидан кўп қаватли турар жой мажмуалари, бизнес офислар, савдо-кўнгилочар масканлар, меҳмонхоналардан иборат кўп тармоқли мажмуалар, сайлгоҳлар, ижтимоий объектлар, тиббий соғломлаштириш марказлари ўрин олади.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа қиймати 500 миллион доллар бўлиб, 2019-2023 йилларда амалга оширилиши мўлжалланган.
Президентимиз янги ишбилармонлик марказида пойтахт аҳолисига қулай шарт-шароит яратиш билан бирга, хорижий инвесторлар, бизнес доираларни жалб қилиш бўйича тавсияларини билдирди.
ae02b2a9-e26f-21b9-352c-31e215c78d77.jpg
Айни пайтда ишбилармонлик марказида барпо этиладиган бино ва иншоотлар қурилишига уларнинг тури ва ихтисослашуви асосида хорижий ва маҳаллий инвесторларни жалб қилиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Давлатимиз раҳбар янги ишбилармонлик маркази қурилишида рельефдан оқилона фойдаланиш, дунё шаҳарлари тажрибасини ўрганиш зарурлигини қайд этди. Уни барпо этишга хорижий инвесторлар, тажрибали лойиҳачи ва қурувчиларни жалб этиш бўйича топшириқлар берди.
Шу ерда Юнусобод туманидаги кўп қаватли уйларни бошқариш бўйича таклифлар тақдимоти ўтказилди. Бу таклифлар Россиянинг Қозон шаҳри тажрибаси асосида ишлаб чиқилган. У профессионал сервис компаниялари ташкил этиш орқали кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатишни яхшилаш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, иқтисодий барқарорликни таъминлашга қаратилган.
Президентимиз туманда ушбу тизимни жорий мавсумдаёқ татбиқ этиш, ҳар бир кўп қаватли уйнинг эгасини топиб, уларга имтиёзлар бериш зарурлигини таъкидлади.
Инновацион, илмий ва ташкилий ишларни бирлаштириб, баравар олиб бормасак, бу соҳа эскича ҳолда қолаверади. Коммунал хизматлар хусусий корхоналар томонидан амалга оширилмаса, сифат бўлмайди. Сифат бўлмагандан кейин тўлов ҳам барқарор бўлмайди. Бу соҳада хизматни, ҳисоб-китобни жойига қўйсак, вазият ўзгаради, одамлар рози бўлади, деди давлатимиз раҳбари.

 

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА