Президентимиз Юнусобод туманини ривожлантириш лойиҳалари билан танишди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 октябрь куни Тошкент шаҳри Юнусобод туманида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар, тадбиркорларнинг истиқболли режалари билан танишди.

Юнусобод тумани ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан пойтахтимизнинг етакчи туманларидан бири ҳисобланади. Туманнинг географик жойлашуви ҳудуднинг саноат салоҳиятини ошириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, юқори технологияли ишлаб чиқаришларни кенгайтириш ва чет эллик ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлашда катта қулайлик яратади.

Президентимизга тақдим этилган Тошкент шаҳрининг 2018-2019 йиллардаги инвестиция салоҳиятига оид маълумотларга кўра, икки йилда пойтахтимизда 417 та лойиҳани амалга ошириш ва бунинг натижасида 25 мингдан зиёд иш ўрни яратиш режалаштирилган. Шундан саноат соҳасига тегишли лойиҳалар 264 тани, хизмат кўрсатиш соҳасида – 153 тани ташкил этади. Жорий йилнинг 9 ойида жами лойиҳалар учун 257,5 миллион доллар ҳажмидаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилган.

2019 йилда 1 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига 181 та лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш мўлжалланган. Жумладан, Юнусобод туманида 38 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.

Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳрининг иқтисодий имкониятлари кенглиги, пойтахтимиз барча соҳаларда намуна бўлиши кераклигини таъкидлади. Лойиҳаларнинг кафолатланиши, самаралари билан қизиқди. Мутасаддиларга жалб этилаётган хорижий инвестициялар ҳажмини янада ошириш, янги корхоналар ташкил этиш ва солиқ тушумини кўпайтириш юзасидан кўрсатмалар берди.

 

Матназар Элмуродов, ЎзА