Эртага Ўзбекистонда Қирғизистон маданияти кунлари бошланади

24-28 октябрь кунлари мамлакатимизда Қирғизистон Республикаси маданияти кунлари ўтказилади. 

Қирғизистон санъат ва маданият намоянлари эртага пойтахтимизга ташриф буюриб, диққатга сазовор жойларни томоша қилади.

Маданият кунларининг тантанали очилиш маросими 25 октябрь куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида бўлиб ўтади. Тадбир доирасида Тошкент фотосуратлар уйида Қирғизистон бадиий ва амалий санъати кўргазмаси, Алишер Навоий номидаги кино саройида қирғиз фильмлари намойиши, шунингдек, бошқа тадбирлар, учрашувлар ташкил этилади.

Қирғизистонлик санъаткорлар Самарқанд шаҳрига ҳам ташриф буюради. Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида қардош халқ санъат усталари иштирокида катта концерт намойиш этилади.

ЎзА