Уилбур Росс: "АҚШ Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга тайёр"

АҚШ савдо вазири Уилбур Росс Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик стратегик шериклик характерига эга. Мамлакатларимизнинг савдо-иқтисодий муносабатлари юқори суръатда ривожланмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил май ойида АҚШга расмий ташрифи чоғида икки давлат раҳбарлари эришган келишувлар бунда муҳим ўрин тутмоқда.
Ушбу ташриф мамлакатларимиз иқтисодий ҳамкорлигида янги истиқболлар очди. Хусусан, Тошкентда илк бор Марказий Осиё савдо форуми ўтказилди.
Президент Шавкат Мирзиёев билан музокарамизда Ўзбекистонда олиб борилаётган жадал ислоҳотлар, уларни тўлиқ рўёбга чиқариш борасида ҳамкорлик, геология-қидирув ишларини олиб бориш, шунингдек, ташқи сиёсатнинг устувор йўналишлари ва икки мамлакат қарашларидаги бошқа муштарак жиҳатлар ҳақида суҳбатлашдик.
Қайд этишни истардимки, АҚШ Президенти Дональд Трамп Ўзбекистонда барча соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Жумладан, АҚШ мамлакатингизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши жараёнида кўмак беришга тайёр. Қолаверса, 2019 йилда Ўзбекистонга АҚШ Савдо вазирлигининг савдо миссиясини жўнатишни режалаштирганмиз.
Ўзбекистон нафақат тадбиркорлик учун, балки сайёҳликни йўлга қўйиш борасида ҳам улкан имкониятларга эга экан. Ўйлайманки, бу каби соҳалардаги ҳамкорлигимиз ҳам янада мустаҳкамланади.

 

Улуғбек Шоназаров, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА