Мурожаатларнинг аксарияти қайси соҳага оид?

Парламент қуйи палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг 9 ойлик фаолияти якуни ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Бунда қонун ижодкорлиги фаолияти йўналишида меҳнат, ижтимоий масалаларга оид 8 қонун лойиҳаси устида иш олиб борилди, шундан 4 таси қабул қилинди. Жумладан, “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Унга кўра, эндиликда фуқаролар бандлигини таъминлашда хусусий бандлик агентликлари ҳам иштирок этиши белгиланди. Ижтимоий масалаларга оид “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга қўшимчалар ва ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун август ойида Сенат томонидан маъқулланди. Унда асосий мақсад пенсиялар тўғри тайинланганлиги ва тўланиши борасида ўтказилаётган текширишларни тартибга солишга киритилган.
Шунингдек, 2 қонун лойиҳаси ташаббускорларга қайтарилди, 2 лойиҳа иккинчи ўқишга тайёрланмоқда. Мазкур йўналишда 2018 йил давомида сайловчилар билан бўлган учрашувлар натижасида қўмита аъзолари томонидан яна 4 қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Қўмита томонидан 5 назорат-таҳлил тадбири ўтказилди, шундан 4 таси қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолатини ўрганиш, 1 таси давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитишга тааллуқлидир. Жумладан, қўмита аъзолари томонидан Хоразм ва Наманган вилоятида меҳнатга оид муносабатлар, бандлик дастурининг бажарилиши, ногиронликни аниқлашга оид қонунчиликни Қашқадарё вилояти мисолида, ногиронларнинг ижтимоий ҳимоясига оид қонунчиликни бошқа вилоятларда ўрганиб, натижалари юзасидан қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган таклифлар киритилди.
Мазкур йўналишда қўмита аъзолари томонидан 10 депутатлик сўровлари тегишли вазирлик ва давлат органлари раҳбарларига юборилиб, натижаси қўмитада муҳокама қилинди.
Йиғилишда қўмита томонидан фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш масаласи ҳам кун тартибидан жой олди. 2018 йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида қўмитага 269 мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг 25 таси қонунчилик, 57 таси ижтимоий соҳага, 13 молия, банк, солиқ ва божхона соҳасига оид, 25 таси уй-жой ва ер олиш билан боғлиқ, 15 соғлиқни сақлаш соҳасига оид, 11 суд, 48 прокуратурага оид ва 75 бошқа соҳаларга оид мурожаатлардир. Мурожаатларнинг аксарияти ижобий ҳал этилган бўлишига қарамай, йиғилишда мазкур йўналишни янада такомиллаштириш, депутатларнинг эътиборини кучайтириш бўйича таклифлар билдирилди.
Шу билан бирга йиғилишда қўмитанинг олдида турган янги режалари, қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА​​