Мўйноқ туманида илк музей очилди

Mўйноқ тумани – Қорақалпоғистон Республикасининг шимолида жойлашган бўлиб, 1931 йил 30 июлда ташкил этилган. Амударё делтаси, Oрoл денгизининг жанубидаги ҳудудларни эгаллайди. Maйдони 37,94 минг км². Ҳозирги кунда Мўйноқ туманининг аҳолиси 31 мингдан ортиқ кишидан иборат ва кўп миллатли: корақалпоқ, ўзбек, қозоқ, рус, украин, татар, корейс ва бошқа миллат вакиллари яшайди. Мўйноқ тумани аҳолиси асосан балиқчилик, ҳунармандлик, амалий санъат билан шуғулланади.
XIX аср охирлари ва XX аср бошларида денгиз орқали Мўйноқ туманига кўплаб сайёҳлар ташриф буюрган. Улар орасида турли соҳа ходимлари бўлиб, айниқса рассомлар денгиз бўйида ижод қилган. Рассомлар асосан тасвирий санъатнинг морена ва манзара жанрларида асарлар яратган. Мўйноқ аҳолиси эса санъатга, рассомлар ижодига бефарқ бўлмаган. Улардан тасвирий санъатнинг сир-синоатларини ўрганиб борган.
Рассомлар ва ҳунармандлар асарларини сақлаш ва кейинги авлодга етказиб бериш мақсадида 1984 йил Мўйноқ тумани Учсой маҳалласида кичкина кўргазма ташкил қилинди. 1994 йил Мўйноқ тумани маданият бўлими ёнида музей сифатида фаолият олиб борди. Дастлабки фаолиятини кўргазма сифатида бошлаган музей коллекциясида бугунги кунга келиб 300 дан ортиқ экспонат мавжуд.
Мўйноқ тумани ва Орол денгизи атрофида туристларни кенг жалб қилиш, шунингдек, унинг узоқ ўтмишдаги тарихи, табиати ва ундаги ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, туман халқининг урф-одатларини музей экспозицияси орқали кенг оммага етказиб бериш мақсадида “Ургенчтрансгаз” шўъба корхонаси томонидан 1 миллиард 200 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилиб, музейнинг янги биноси қуриб битказилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрдаги 2017-2018 йилларда давлат музейлари фаолияти ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чоралари дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори билан Мўйноқ тумани экология музейи қайта ташкил этилиб, Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейининг филиали сифатида очилди.
Жорий йилнинг 20 октябрь куни “Орол балиқларидан 99 турли таом” халқаро гастрономик фестивали доирасида Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейининг Мўйноқ туманидаги “Экология музейи” филиалининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Музейнинг кўргазма зали орқали томошабинлар Орол денгизининг ўтмиши ва бугунги ҳаёти ҳақида, флора ва фаунаси, Мўйноқ туманида балиқчиликнинг ривожлангани, Балиқ консерва заводи фаолиятига оид фото лавҳалар, ранг тасвирчи рассомлар “Орол Куйчиси” деб танилган Ф.Ю.Мадгазин ва Р.Матевосян ижодларига мансуб асарларни кўриши мумкин.
Рассомлар яратган ҳар бир рангтасвир асари орқали Орол денгизининг тўлиб тошган пайтидаги тўлқинлар товуши, кема ва қайиқлар овозлари эшитилаётгандек тасаввур қилиши мумкин. Шу билан бирга Мўйноқ туманининг ўзига хос табиат манзараси, туманда бўлган қурилиш ишларини рангларнинг жилоси остида расмлар кейинги авлодга қолдирган.
Орол бўйида ижод қилиб, Орол денгизининг тўлиб тошган ва кейинчалик сув сатҳининг қайтган даврларини ўз санъат асарларида тасвирлаган рассомларнинг бири бу Рафаэль Матевосян бўлади. Ушбу машҳур рассом Рафаэль Матевосяннинг қизи Гаянэ Матевосян Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейининг Мўйноқ туманидаги Экология музейи филиалининг очилиш маросимига отасининг ижодига мансуб ўндан ортиқ асарларини совға тариқасида тақдим этди.​​

 

ЎзА