Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

2017 йил 4 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис ишида Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси Н.Йўлдошев бошқарди.

Сенаторлар ишни “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегараси тўғрисидаги Шартномани (Бишкек, 2017 йил 5 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқишдан бошладилар. Мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5-6 сентябрь кунлари Қирғизистон Республикасига амалга оширган давлат ташрифи давомида эришилган келишувларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини таъминлаш юзасидан қабул қилинган амалий ҳаракатлар Режаси (“Йўл харитаси”) ижросини таъминлашга қаратилгандир.

Шартнома билан 1170,53 километр узунликдаги ўзбек-қирғиз Давлат чегара чизиғининг Тавсифини ва ўзбек-қирғиз Давлат чегараси делимитациясига оид картографик ҳужжатларни, шунингдек, электрон (растрли) картографик ҳужжатларни тасдиқлаш назарда тутилмоқда.

Ҳужжатга биноан томонлар қолган участкалардаги Давлат чегара чизиғи ўтиши масалаларини ҳал қилиш учун музокараларни давом эттирадилар ҳамда тегишли шартномани тайёрлайдилар. Шунингдек, Шартномада ўзбек-қирғиз демаркация Қўшма комиссиясини тузиш ҳам назарда тутилган бўлиб, комиссия Шартномага мувофиқ Давлат чегарасининг келишилган айрим участкаларида демаркация ишларини амалга оширади.

Сенаторлар таъкидлаганларидек, чегара мавзуси икки мамлакат муносабатларидаги асосий масалалардан бири бўлиб, ушбу шартноманинг ратификация қилиниши давлатларнинг икки томонлама муносабатларини янада ривожлантириш, қардош халқларимиз дўстлиги ва ҳамкорлигини мустаҳкамлаш учун ҳуқуқий асос ва янги омил бўлиб хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

66.JPG

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқдилар. Хусусан, қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартишлар киритилмоқда. Унга кўра, гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга тегишли бўлмаган ва жиноят қуроли ҳисобланган ашё мусодара қилинишига йўл қўйилмайди ва бундай ашё қонуний эгаларига қайтариб берилиши лозим. Мазкур янги норма юқорида кўрсатилган шахсларнинг мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳам худди шундай ўзгартишлар киритилди. Ўзгартишларга мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли бўлган ашёни ёки маъмурий ҳуқуқбузарликнинг бевосита ашёсини, агар улар ҳуқуқбузарнинг шахсий мулки бўлмаса, мусодара қилиш мумкин эмас, муомаладан чиқарилган ашёлар бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Прокуратура тўғрисида”ги, “Банкротлик тўғрисида”ги, “Ипотека тўғрисида”ги, “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги, “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонунларга, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Жиноят-процессуал, Меҳнат, Жиноят-ижроия, Фуқаролик процессуал, Хўжалик процессуал, Оила, Солиқ ва Бюджет кодексларига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, “Прокуратура тўғрисида”ги қонун Бош прокуратура ҳузурида тузилган Мажбурий ижро бюроси ва унинг ҳудудий бўлинмалари мақомини белгилаб берувчи янги норма билан тўлдирилмоқда. Бундан ташқари, бир қатор ўзгартишлар суд ижрочиси ўрнига давлат ижрочиси лавозимининг киритилиши билан боғлиқ.

Бундан ташқари, қонунда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 101-моддасида назарда тутилган умумий фойдаланишдаги иссиқлик тармоқларидан ва иссиқлик энергиясини ҳисобга олиш асбобларидан фойдаланишга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш маъмурий ишлар бўйича судьяларга тааллуқли бўлиши назарда тутилмоқда. Умумий фойдаланишдаги электр ва газ тармоқларидан, шунингдек, электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш асбобларидан фойдаланишга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига тааллуқли бўлиши белгиланган.

38.JPG

Шу билан бирга,Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 июндаги “Давлат ветеринария хизмати бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ”Ветеринария тўғрисида”ги, “Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунларга, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва Бюджет кодексига ўзгартишлар киритилмоқда. Давлат ветеринария қўмитаси тузилиши муносабати билан мазкур ўзгартишлар билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария давлат бош бошқармаси” сўзларини “Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси” сўзларига алмаштириш назарда тутилмоқда.

“Ветеринария тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгартишлар билан Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси ваколатларига ветеринария соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳамкорлигини мувофиқлаштириб бориш вазифалари киритилган. Шунингдек, давлат бошқарувининг мазкур органига ветеринар осойишталикни таъминлаш, ҳайвонларнинг юқумли касалликларини эрта аниқлаш, уларга ташхис қўйиш ва улар тарқалишининг олдини олишга доир ишларнинг самарадорлиги мониторингини амалга ошириш каби вазифалар ҳамда бошқа функциялар юклатилган.

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга доир чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.

Сенатнинг мазкур ташаббуси, энг аввало, мамлакатимизда фуқаролар меҳнат ҳуқуқларининг кафолатларини янада мустаҳкамлаш долзарб эканлиги туфайли юзага келди.

Таъкидланганидек, мустақиллик йилларида ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш, эркин иш танлаш, адолатли меҳнат шароитларига эга бўлишдан иборат умумэътироф этилган ҳуқуқини амалда таъминлаш учун шарт-шароит яратиб берган мустаҳкам ҳуқуқий база шакллантирилди. Халқаро ҳужжатларда мустаҳкамлаб қўйилган мазкур асосий ижтимоий ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида, қонун ҳужжатларида ўз аксини топди. Уларда болалар меҳнатидан ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга аниқ тақиқлар қўйилган.

Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) аъзоси бўлгани ҳолда мазкур ташкилотнинг 14 та конвенциясини, шу жумладан, болалар меҳнатига ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик тўғрисидаги конвенцияларни ратификация қилди. Ушбу конвенцияларнинг қоидалари босқичма-босқич миллий қонун ҳужжатларимизга имплементация қилинди.

Ўзбекистон томонидан бу соҳада ХМТ билан яқин ва самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, ҳозирги вақтда фуқароларнинг меҳнат муносабатлари соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир бир қатор чора-тадбирларни назарда тутувчи 2017-2020 йилларда Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича Мамлакат дастури амалга оширилмоқда. ХМТ билан амалий ҳамкорлик туфайли мамлакатимизнинг халқаро нуфузи сезиларли даражада яхшиланди ва аниқ силжишларга эришилди.

Мамлакатимизда Болалар ва мажбурий меҳнат масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Ушбу йўналишдаги ишларнинг аҳволини мониторинг қилиш давлат органлари билан бир қаторда инсон ҳуқуқлари бўйича фуқаролик ва миллий институтлар томонидан ҳам амалга оширилмоқда.

Кўрилган чора-тадбирлар ижобий натижаларга эришиш имконини берди. Жумладан, мамлакатимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат батамом йўқ қилинди. ХМТ конвенцияларига риоя қилиш борасида жиддий камчиликлари бўлган давлатлар рўйхатида Ўзбекистон номи 2014 йилдан бери тилга олинмаяпти.

Сенаторлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш устуворликлардан бири сифатида белгилаб қўйилганлигини қайд этдилар. Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада мустаҳкамлаш Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилидаги катта ишларнинг алоҳида энг муҳим йўналиши бўлди.

Мажлисда таъкидланганидек, мамлакатимиз халқаро мажбуриятларга, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига собитқадамлик билан риоя этишини қатъий тасдиқлаган ҳолда, халқаро стандартларга мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини бундай буён ҳам таъминлашни кучли назорат остига олиб, бу соҳада амалий халқаро ҳамкорлик учун очиқ эканлигини билдирди.

Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ҳамда унга йўл қўймаслик ва бу соҳада фуқароларнинг ҳуқуқларини шак-шубҳасиз таъминлаш устидан қатъий назорат ўрнатиш борасидаги давлатимизнинг сиёсий иродасини ялпи мажлисда минтақалар вакиллари алоҳида эътироф этдилар.

Мажлис иштирокчилари мажбурий меҳнат хавфига йўл қўймасликка доир барча чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш мақсадида ҳозирги босқичда меҳнат муносабатлари соҳасида қабул қилинаётган чора-тадбирлар яхлит ва тизимли бўлишига эришиш, давлат органлари жамоат ташкилотлари билан ижтимоий шериклик борасидаги имкониятларни имкон қадар самарали ишга солишлари зарурлигини таъкидладилар.

Мажбурий меҳнат хавфига йўл қўймаслик, айниқса, қишлоқ хўжалигида йўл қўймаслик мақсадида қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, аграр секторни механизациялаш даражасини ошириш, бу соҳага инновацион технологияларни жорий этиш бўйича қатор долзарб вазифаларни ҳал қилиш зарур бўлади. Бундан ташқари, сенаторлар таъкидлаганларидек, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш юзасидан мамлакатимизда кўрилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида жаҳон ҳамжамиятига холис ва тўлиқ ахборот етказиш муҳимлигини таъкидладилар. Мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларини ўтказишга, аҳолининг, ташкилотлар ва муассасалар, фермер ҳамда деҳқон хўжаликлари раҳбарларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга бағишланган ахборот кампаниясининг ҳамда меҳнат муносабатлари соҳасидаги қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган бошқа чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш ҳам зарур.

Батафсил муҳокама якунларига кўра, сенаторлар қарор қабул қилдилар, унга кўра Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси тузилади. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашларига тегишли ҳудудий комиссиялар тузиш тавсия этилди. Улар фаолиятининг аниқ йўналишлари белгилаб олинди. Парламент комиссияси фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, парламентнинг тизимли назоратини ўрнатиш мақсадида белгилаб олинган тартибга кўра Парламент комиссияси фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, шу жумладан, мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг олдини олиш ва унга йўл қўймаслик билан боғлиқ Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларини бажариш юзасидан марказда ва жойларда давлат органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари фаолиятини ўрганиш натижалари тўғрисида мунтазам равишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлиси муҳокамасига ахборот киритиб боради. Ҳудудий комиссиялар тегишли ахборотни мунтазам равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашлари муҳокамасига киритиб боради.

51.JPG

Бундан ташқари, Сенатнинг ушбу қарори билан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар мажмуи тасдиқланди. Унда қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, ХМТнинг ратификация қилинган конвенциялари бажарилиши устидан мониторинг олиб бориш, ХМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари салоҳиятини мустаҳкамлаш, ушбу соҳада ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича қатор тадбирлар назарда тутилган.

Қарорга кўра қонун ҳужжатлари ва халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш борасида Ўзбекистон Республикаси томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги ҳар йилги ахборот БМТ Бош Ассамблеясининг расмий ахбороти сифатида тарқатилади.

Сенат қарорида белгилаб қўйилганидек, мамлакатимизнинг чет элдаги консуллик муассасалари орқали жаҳон ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар, шу жумладан, халқаро молия институтлари эътиборига фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳақидаги ахборот етказиб турилади.

Қарорга мувофиқ ҳукумат томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасига бозор механизмларини, ҳозирги замон фан ва техника ютуқларини жорий этишни давом эттириш, қишлоқ хўжалигини механизациялаш даражасини ошириш, механизацияланган теримни кенг қўллаш учун шарт-шароит яратиб берадиган ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасини механизациялашдан максимал самара берадиган ғўзанинг янги навларини етиштириш, шунингдек, жалб этилаётган мавсумий ишчиларни иқтисодий жиҳатдан рағбатлантиришнинг турли усулларини ишлаб чиқиш, бу соҳадаги меҳнат муносабатларини тартибга солиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан комплекс чора-тадбирлар кўрилади.

Қарорда жойларда меҳнатга доир қонун ҳужжатлари сўзсиз ижро этилаётганлиги устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда, аҳоли ўртасида ушбу масалалар юзасидан кенг ахборот-тушунтириш ишларини ўтказишда ва бошқа тадбирларда нодавлат нотижорат ташкилотларининг, фуқаролик жамияти бошқа институтларининг иштирокига алоҳида эътибор берилмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясига ижтимоий шериклик доирасида муносиб меҳнат шароитларини яратиш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини кучайтириш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш учун нодавлат нотижорат ташкилотларига субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар ажратиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш тавсия этилди.

Муҳокама якунларига кўра мажлис иштирокчилари халқаро ташкилотларни, молия институтларини мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик юзасидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган чора-тадбирларга баҳо беришда холис бўлишга даъват этдилар.

Сенаторларнинг фикрича, қабул қилинган қарор давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳар қандай шаклдаги мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик масалаларига доир Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари нормалари ва халқаро шартномаларининг бажарилиши устидан парламент ҳамда жамоатчилик назорати таъсирчанлигини кучайтиришга хизмат қилади.

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Олий суди таркибларига ўзгартишлар киритиш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси таркибига ўзгартишлар киритиш, Ўзбекистон Республикасининг Германиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимига тайинлаш тўғрисидаги ҳамда бошқа масалаларни кўриб чиқдилар.

Сенатнинг ўн иккинчи ялпи мажлисида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини тубдан оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид давлат дастурини босқичма-босқич ижро этишга қаратилган, Сенат ваколатига кирадиган 8 та масала, шу жумладан, 2 та қонун кўриб чиқилди. Сенаторлар томонидан қабул қилинган қарорлар халқаро ҳамкорликни кенгайтиришнинг, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари кафолатларини янада мустаҳкамлашнинг, мамлакатда барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлашнинг муҳим омили бўлиб қолиши таъкидланди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

 

Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА