Шу муносабат билан ташкил этиладиган тантанали тадбирда иштирок этиш учун Президент Администрацияси, сенаторлар, депутатлар, ҳукумат аъзолари, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, чемпион спортчилар, турли жабҳаларда ютуқларга эришган ёшлар, нуронийлар, ёзувчи-шоирлар, илм-фан ва санъат намояндаларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Москвага жўнаб кетди.

Ислом Каримов сиймоси Самарқанддаги Регистон мажмуаси фонида қад ростлаган. Ушбу лойиҳа британиялик таниқли ҳайкалтарош Пол Дэй ғоясидир. Ҳайкалда кучли ирода соҳиби, доно давлат арбоби ва халқпарвар сиёсатчи сиймоси гавдаланган.

Москва марказида қад ростлаган Ислом Каримов ҳайкали Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг мамлакатимизга давлат ташрифи арафасида очилишида ҳам чуқур рамзий маъно бор.

Президент Владимир Путин мустақил Ўзбекистон асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов билан яқин дўстона муносабатда бўлган. Мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларига ҳам ана шу самимий дўстлик негизида асос солинган.

Владимир Путин ва Россия халқи Ислом Каримовни Ўзбекистон тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилган, энг мураккаб пайтларда тинчлик ва барқарорликни таъминлаган шахс сифатида хотирлайди. Биринчи Президентимизнинг Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга қаратилган, тинчликпарварлик, бағрикенглик ва тотувлик, ўзаро тенг манфаатдорликка асосланган оқилона сиёсати ҳақли равишда юксак даражада эътироф этилади.

Қаҳрамон шаҳар дея эътироф этиладиган Москвада Биринчи Президентимиз номидаги хиёбон ва ҳайкалнинг очилиши Ислом Каримов хотирасига ҳурмат-эҳтиром рамзи бўлиб, Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги дўстлик муносабатлари изчил ривожланаётгани ва мустаҳкамланаётганидан далолат беради.

 

Улуғбек Асроров, ЎзА