Ишончли ҳамкорлик самаралари

Ишончли ҳамкорлик самаралари

“Италия – Ўзбекистон” қўшма савдо палатаси президенти Луижи Иперти бошчилигидаги делегация Сирдарё вилоятида бўлди.

Сирдарё вилояти ҳокимлигида ўтган учрашувда меҳмонларга мамлакатимиз, жумладан, Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар, инвестор ва тадбиркорларга яратилган шароит ҳамда имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Сирдарё вилоятида 1000 дан зиёд саноат корхонаси, 8 минг кичик бизнес субъекти, шунингдек, хорижий инвестиция иштирокидаги 100 га яқин корхона фаолият юритмоқда. Айни пайтда сирдарёлик тадбиркорлар Хитой, Россия, Жанубий Корея, Буюк Британия, Туркия ва бошқа давлатлар ишбилармонлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган.

Вилоятда электр энергияси, тўқимачилик, шунингдек, пахта, буғдой, дуккакли дон, полиз, мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш борасида катта имкониятлар мавжуд. Бундан ташқари, енгил саноат ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун ҳам етарлича хомашё базаси борлиги таъкидланди.

“Италия – Ўзбекистон” қўшма савдо палатаси президенти Луижи Иперти вилоятда хорижлик инвесторлар учун яратилган имконият ва имтиёзларга юқори баҳо берди. Меҳмон Италия компаниялари вакилларининг Сирдарёга ташрифидан кўзланган мақсад вилоятга ушбу мамлакат инвестицияларини жалб қилиш, савдо ва иқтисодий соҳаларда ҳамкорликни кенг йўлга қўйишдан иборат эканини таъкидлади.

Сирдарёда Италиянинг “Humanitas” университети клиникаси филиалини ташкил этиш режалаштирилган. “Сирдарё” эркин иқтисодий зонасида тиббиёт ускуналари ва инвентарлари ҳамда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича хорижий инвестициялар жалб қилинади.

Италиялик меҳмонлар Гулистон шаҳрида янгидан барпо этилган “Олтин водий” хусусий даволаш маркази ва Сирдарё ЭИЗ фаолияти билан танишди.

 

Абдужалол Қаюмов, Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА

  16.10.2018, 08:04  |    325 марта кўрилди

Рахмат

Сайт администрацияси хато матн хакида огохлантирилди!