Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Гай Райдер Ўзбекистонга келади

Яқинда муносиб меҳнат фаолиятини таъминлаш куни кенг нишонланди. Салкам 20 йил аввал Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) Муносиб меҳнат концепцияси қабул қилинган.

Мазкур концепция – иш ўринларини яратиш ва самарали бандликни таъминлаш, хавфсиз шароитлардаги меҳнат ва фаол, мақсадли ижтимоий ҳимоя, меҳнат кафолати ва ҳуқуқларини таъминлаш, меҳнат қонунчилигини ривожлантириш ва такомиллаштириш, меҳнат муносабатлари иштирокчиларининг ижтимоий мулоқоти ва ижтимоий ҳамкорлиги сингари 4 та стратегик вазифани ўз ичига олади.

Тошкентда ушбу масалалар бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Ш.Кудбиев ХМТ масъул ходимлари – Кари Тапиола, Антон Хаузен, Оксана Липкану билан учрашди.

Учрашувда муносиб меҳнат бўйича Ўзбекистон Республикаси дастурини амалга ошириш жараёнларига, Ўзбекистоннинг ХМТ билан конструктив, шу жумладан, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш сoҳаси бўйича ҳамкорлигига эътибор қаратилди. Ўзбекистон раҳбарияти ва ҳукумати томонидан муносиб меҳнат концепцияси доирасида болалар ва аёллар меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича самарали чора-тадбирлар кўрилаётгани таъкидланди.

Жорий йилнинг декабрь ойида ХМТ Бош директори Гай Райдер иштирокида бўлиб ўтиши кутилаётган “Барқарор ривожланиш мақсадлари йўлида муносиб бандликни таъминлаш: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” халқаро конференция масалалари алоҳида кўриб чиқилди.

Учрашув иштирокчилари аҳоли бандлиги, муносиб меҳнати ва ижтимоий ҳимояси масалалари бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг жадал суръатда олиб борилаётганини қайд этишди. Хусусан, инсон капиталини ривожлантиришга асосланган иннавацион ривожланиш стратегияси, 2018 йилги пахта ҳосилини териб олиш мавсуми давомида мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларининг ХМТ халқаро экспертлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари иштирокида мониторинги қабул қилинганига алоҳида урғу берилди.

 

Ғ.Ширинов, ЎзА