Ўзбекистондаги конференция Испания нашрларида

Жорий йилнинг 27-28 сентябрь кунлари пойтахтимизда ўтказилган “Оилани мустаҳкамлаш ва ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашда ўзини ўзи бошқариш органларининг роли” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ҳақида Испаниянинг “DIARIO ARBAT” газетасининг интернетдаги саҳифасида мақола эълон қилинди.
“Тошкент Испания иштирокидаги халқаро анжуманни қутлайди” сарлавҳада чоп этилган мақола қуйидагича:
“27-28 сентябрь кунлари Тошкентда “Оилани мустаҳкамлаш ва янги авлодни вояга етказишда маҳаллий ҳокимият органларининг роли” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари ва Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева раислигида ўтказилди. Унда Марказий Осиё минтақаси ва Европанинг кўплаб мамлакатлари, турли халқаро ташкилотлар иштирок этди. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ), Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, БМТ вакиллари шулар жумласидандир.
Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Покистон, Арманистон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Афғонистон, Буюк Британия, Испания, Италия, Бельгия, Миср ва Жанубий Корея каби мамлакатлар вакиллари иштирок этди.
Анжуманда Европа делегатлари орасида энг кўп сонли делегация аъзолари билан ташриф буюрган Испания иштирокини алоҳида таъкидлаш зарур. Хусусан, Мадриддаги Сан-Пабло университети профессори Антонио Алонсо Маркос, Евро Осиёнинг Испания-Россия обсерваторияси президенти Фернандо Морагон ва Евро Осиёнинг Испания-Россия обсерваторияси ижрочи директори Мария Груник шулар жумласидандир.
Анжуманда фуқаролик жамиятини бирлаштиришдаги мураккаб вазифаларни ҳал этиш, оддий фуқаро ва мамлакат, шаҳар, тумандаги давлат ва хусусий муассасалар ўртасида юзага келадиган муаммолар бўйича фикр алмашилди.
Шунингдек, анжуман иштирокчилари Ўзбекистон фуқаролик жамиятининг ўзига хос институти бўлмиш бир неча маҳаллаларга ташриф буюрдилар. Асрлар давомида маҳалла Ўзбекистонда маданият ўчоғи, фуқароларни ўз-ўзини бошқаришнинг самарали органи, халққа энг яқин фуқаролик жамиятининг ноёб тузилмаси бўлиб келган. Авлоддан авлодга ўтиб келаётган миллий қадриятлар, маданият, халқ турмуш тарзи, фикрлаши, маънавиятини асраб-авайлашда маҳалла институтининг роли ва аҳамияти ҳамиша юксак бўлган. Маҳалла, шунингдек, мигрантларнинг ўз анъаналари ва тилини йўқотмаган ҳолда ўзбек жамиятига интеграциялашувига ҳам самарали таъсир кўрсатади.
Анжуманинг барча иштирокчилари юксак даражада ташкил этилган тадбир ва меҳмондўстликни алоҳида қайд этдилар”.
Эслатиб ўтамиз ушбу конференцияда Испаниянинг Мадрид шаҳридаги Сан-Пабло университети профессори Антонио Алонсо Маркос: айрим давлатларда бугунги кунда индивидуализм ғоят кучайиб бормоқда. Оилалар аҳволидан, ёшлар тарбиясидан маҳаллаларнинг доимий бохабарлиги, масъуллиги, қўшнилар ўртасидаги қадрдон ва самимий муносабатлар ғоят ҳайратланарли ва ибрат олса арзийдиган қадриятлардир, дея таъкидлаб ўтган эди.
Саодат Боймирзаева,
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари
фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича
республика кенгаши бўлим бошлиғи