Экофестивал: Орол балиқларидан 99 тур таом тайёрласа бўладими?

Буни жорий йилнинг 12-13 октябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида «Орол балиқларидан 99 тур таом» гастрономик халқаро фестивали ва «Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши» мавзусида ўтказиладиган халқаро Экофестивалда билиб олишингиз мумкин. 
Ушбу халқаро тадбир Президентимизнинг 2017 йил 28 февралдаги «Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини 2017-2018 йилларда иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш, бой маданиятини аҳоли ва жаҳон ҳамжамияти орасида оммалаштириш каби мақсадларда ташкил этилмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси «Орол балиқларидан 99 тур таом» гастрономик халқаро фестивалига қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Уюшма Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва қўшни вилоятларнинг балиқдан турли таомлар тайёрлаш бўйича машҳур ошпазлари, соҳа мутахассислари билан иштирок этади.
Шунингдек, халқаро аҳамиятга эга мазкур тадбирда таниқли санъаткорлар, шоир ва ёзувчилар, эстрадамизнинг машҳур хонандалари, рақс жамоалари, халқ чолғулари ва мусиқа ансамбллари, фольклор жамоалар иштирок этади.
12-13 октябрь кунлари мўйноқликлар барча меҳмонларни кутади. Сайтимизни кузатиб боринг, ушбу йирик халқаро тадбир тафсилотлари, фото ва видео лавҳалар кенг ёритилади.

 

ЎзА