Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКО Бош директори билан учрашди

Париж, 8 октябрь. 
ЎзА махсус мухбири Абу Бакр ЎРОЗОВ хабар қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти Бош директори Одри Азуле билан учрашди.
ЮНЕСКО БМТнинг 17 та ихтисослашган муассасаларидан бири бўлиб, 1945 йил 16 ноябрда тузилган. Ташкилотнинг бош қароргоҳи Париж шаҳрида жойлашган. Бугунги кунда ЮНЕСКОга 195 мамлакат аъзо. Ўзбекистон ташкилотга 1993 йил 26 октябрда аъзо бўлган.
ЮНЕСКОнинг асосий мақсади таълим, фан ва маданият соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш орқали тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга кўмаклашишдир. ЮНЕСКО норасмий равишда “БМТ ақл лабораторияси” деб аталади. Жавоҳарлаъл Неру ўз вақтида ЮНЕСКОга “инсоният виждони” деб таъриф берган.
Президент Шавкат Мирзиёев Франция Республикасига расмий ташриф ЮНЕСКОдаги учрашувдан бошлангани чуқур маъно-мазмунга эга эканини, Ўзбекистоннинг ушбу ташкилот билан ҳамкорлиги изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Одри Азуле давлатимиз раҳбарини самимий қутлаб, Ўзбекистон билан ҳамкорлик ривожида ушбу учрашув ғоят муҳимлигини қайд этди.
Ўзбекистон билан ушбу ташкилотнинг ҳамкорлиги изчил ривожланмоқда. Мамлакатимиз ЮНЕСКО Ижроия кенгаши таркибига икки марта сайланган.
Томонлар Ўзбекистоннинг бой маънавий меросини тиклаш ва чуқур ўрганиш борасида самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда, маданият, таълим, фан ва бошқа соҳаларда турли лойиҳаларни биргаликда амалга оширмоқда. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабздаги тарихий-маданий объектлар ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. ЮНЕСКО қарорига мувофиқ, 2001 йилда Бухоро “Тинчлик шаҳри” деб эълон қилинди.
Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Аҳмад Фарғоний, Имом Бухорий, Камолиддин Беҳзод каби буюк аждодларимиз, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз, Шаҳрисабз, Қарши, Тошкент, Марғилон сингари дунёга машҳур шаҳарларимиз, “Алпомиш”, “Авесто” каби бебаҳо адабий ёдгорликлар, Хоразм Маъмун академиясининг юбилейлари ЮНЕСКО шафелигида ўтказилгани ҳам ҳамкорликнинг юқори босқичда эканидан далолат беради.
Бойсун маданий мероси, Шашмақом, Катта ашула ва Наврўз инсониятнинг номоддий маданий мероси сифатида ЮНЕСКОнинг Репрезентатив рўйхатидан жой олган. Усмон Масҳафи ва Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар тўплами ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” реестрига киритилган.
1995 йилда ЮНЕСКО шафелигида Самарқандда Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти таъсис этилди. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ЮНЕСКОнинг 8 кафедраси ва 10 маркази, 34 уюшган мактаблари очилган.
Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги мумтоз ўзбек мусиқий меросини асраб-авайлаш, ривожлантириш ва оммалаштиришга ҳам хизмат қилмоқда. Хусусан, ЮНЕСКО кўмагида Самарқанд шаҳрида ҳар икки йилда бир марта “Шарқ тароналари” халқаро фестивали ўтказиб келинаётган бўлса, жорий йил сентябрь ойида Шаҳрисабзда илк бор Халқаро мақом санъати анжумани ташкил этилди.
Таълим соҳасида ҳам истиқболли ҳамкорлик ўрнатилган. Ўзбекистон “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида жисмоний ва маънавий баркамол шахсни тарбиялашга қаратилган сиёсатни амалга оширмоқда.
Давлатимиз раҳбари БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва Бош Ассамблеянинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.
Ўзбекистон Президенти ЮНЕСКО Бош директорига ушбу ташкилот шафелигида турли миллат ва конфессиялар вакиллари истиқомат қилаётган Бухоро шаҳрида тинчлик, бағрикенглик маданиятини шакллантириш ва экстремизмнинг олдини олиш бўйича Мирзо Улуғбек номидаги халқаро институт ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.
Бош директор Одри Азуле Ўзбекистоннинг бутун инсоният бойлиги бўлган маданий-тарихий меросни асраб-авайлаш борасидаги сиёсатини юксак баҳолади. Президентимизнинг ушбу ташкилот шафелигида тинчлик ва бағрикенглик маданиятини шакллантириш, экстремизмнинг олдини олиш мақсадида Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги халқаро институт ташкил этиш, Тошкент Ахборот технологиялари университети ҳузурида Таълимда ахборот-коммуникация технологиялари бўйича минтақавий марказ ҳамда Самарқанддаги Туризм халқаро университетида ЮНЕСКО кафедрасини тузиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлади.
Учрашувда Ўзбекистон билан ЮНЕСКО ўртасидаги 2018-2021 йилларга мўлжалланган қўшма Ҳаракатлар режаси қабул қилинди. Бу ҳужжат муносабатларни янги босқичга кўтариш, томонлар олдида турган вазифаларни биргаликда инновациялар орқали ҳал этиш ва барча йўналишларда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Конструктив руҳда ўтган учрашувда Ўзбекистон билан ЮНЕСКО ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтириш ва мустаҳкамлашга доир масалалар муҳокама қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКОнинг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди.

 

ЎзА