Матбуот ва ахборот агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши илк йиғилишини ўтказди

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг таъсис йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати маълум қилди.
Йиғилишни Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори Лазиз Тангриев кириш сўзи билан очди. У Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари мамлакатимизда матбуот ва ахборот соҳасига доир қонунчилик ижросини таъминлашда фаол иштирок этиш, ноширлик, матбаачилик ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш, шунингдек, соҳада йўл қўйилаётган баъзи камчиликларнинг олдини олиш, бу борада зарур маслаҳат кўмагини кўрсатишни алоҳида таъкидлади.
Бундан ташқари, Л.Тангриев Жамоатчилик кенгаши аъзоларини юқорида таъкидланган масалаларда фаол бўлишга, соҳани янада такомиллаштириш, ривожлантириш, замонавий ва креатив ёндашувларни жорий қилиш, хато ва камчиликларни бартараф этиш бўйича доимий равишда ўз фикр-мулоҳазалари, тавсияларини билдириб боришга чақирди.
Тадбирда тобора глобаллашаётган бугунги дунёда ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ахборот соҳасидаги хуруж ва таҳдидларнинг олдини олиш, мамлакатимиз фуқаролари ва юридик шахсларининг ахборотларни тайёрлаш, тарқатиш, улардан фойдаланишдаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда Агентлик мазкур Кенгаш билан ҳамжиҳатликда фаолият олиб бориши билдирилди.
Юртимиздаги оммавий ахборот воситалари, нашриётлар, ахборот-кутубхоналари фаолияти, уларнинг малакали кадрлар билан таъминланиши, нашрларнинг мазмун-мундарижаси, матбаа сифати, кутубхоналарнинг моддий-техник аҳволи, китоб фонди, хизмат кўрсатиш даражаси ва бошқа кўплаб муаммолар бу ерда очиқ ва ошкор таҳлил қилинади. Мавжуд муаммоларнинг асл сабаблари аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича зарур таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади.
Йиғилишда Жамоатчилик кенгаши раиси, филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад, Жамоатчилик кенгаши аъзоси, филология фанлари номзоди, доцент Омонулла Мадаев ва бошқалар сўзга чиқди.
Кенгаш фаолияти билан боғлиқ ташкилий масалалар, шу жумладан, дастлаб газета ва журналлар, нашриётлар, кейинчалик теле ва радиоканаллар, веб-сайтлар ва ахборот-кутубхоналар фаолиятини таҳлил қилиш асосида тайёрланган хулоса, таклиф ва тавсиялар оммавий ахборот воситаларида, Агентлик веб-сайтида кенг жамоатчилик эътиборига тизимли равишда етказиб боришга келишиб олишди.​​

 

ЎзА