​Тадбиркорлик муҳофазасида муаммолар бор(ми?)

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ва Савдо-саноат палатаси томонидан “Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари” мавзусида ўтказилган конференцияда шу ҳақда сўз борди.
Унда депутатлар, тегишли вазирликлар, қўмита ва ташкилотлар мутасаддилари, экспертлар, олимлар, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Юртимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ижро этиш, бизнес ҳамжамияти ва давлат органлари ўртасида самарали мулоқот, соғлом шерикчилик механизмларини йўлга қўйиш, хусусий мулкчилик ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза қилишни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тадбиркорлар билан бизнес-муҳитни такомиллаштириш масалалари бўйича долзарб ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ўз бизнесини ташкил этиш ва юритишда аҳолига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлик субъектларига сифатли давлат хизматлари кўрсатишни таъминлаш масаласи анча суст экани кўзга ташланмоқда.
Конференцияда мутахассислар бу борадаги таклиф ва тавсияларини берди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни муҳофазалаш ва унинг дахлсизлигини янада мустаҳкамлаш, соҳадаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш диққат марказида бўлиб турибди. Бу саъй-ҳаракатлар натижаси эса, нафақат мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётида, балки етакчи халқаро молиявий ташкилотлар ва рейтинг агентликларининг ижобий баҳоларида ҳам холисона акс этмоқда. Хусусан, Жаҳон банкининг “Бизнесни юритиш – 2018” ҳисоботида Ўзбекистон тадбиркорлик учун янада қулай шароитлар яратиш бўйича ислоҳотчи давлатлар қаторида жаҳонда биринчи ўнталикка киргани қайд этилган.
Аммо бу ҳали етарли эмас. Қолаверса, қувонишга эрта. Айни йўналишда янада илгарилашдек муҳим вазифа турибди. Буни мазкур анжуман иштирокчилари алоҳида таъкидлади. Юртни тараққий эттириш, халқни бой қилишнинг ягона чораси бу тадбиркорликни янада кучайтириш, оддий одамларни ишбилармонликка ўргатиш, инвестициявий муҳитни яхшилаш билан бевосита боғлиқ.
Ўзбекистон Республикасининг “Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги қонуни (янги таҳрири) қабул қилиниши эса, келгусида тадбиркорлик ташаббусини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш, бизнес ҳамжамияти ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар ўртасида ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини муҳофазалаш кафолатларини кучайтириш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда ҳуқуқий асос вазифасини ўтамоқда.
Президентнинг жорий йил 29 июндаги “Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармони соҳада муҳим янгиликларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Бу каби чора-тадбирлар Ўзбекистонда тадбиркорликни янада ривожлантириш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда кенг имкониятлар яратади.
Конференцияда мазкур соҳада қўлга киритилаётган ютуқлар билан бир қаторда, ечимини кутаётган айрим муаммо ва камчиликлар атрофлича таҳлил қилинди. Мутахассис, эксперт ва тадбиркорларнинг мазкур муаммоларни бартараф этишга доир фикр-мулоҳазалари тингланди.

 

Барно Мелиқулова, ЎзА