Электрон аукцион савдоларида тадбикорларга 48 та бўш ер участкалари сотилди

Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ва уларга ҳуқуқий таянч бўлиш борасида самарали тадбирлар олиб борилмоқда. Зеро, тадбиркорлик тараққий топган юрт иқтисодий жиҳатдан ривожланиши ва янада гуллаб-яшнаши ҳеч кимга сир эмас.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 11 сентябрдаги “Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур қарор асосида бўш турган давлат мулк объектлари, ер участкалари инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларини белгилаган ҳолда «E-IJRO AUKSION» электрон онлайн-аукцион савдолари орқали сотилиши белгиланди.
Ҳозирга қадар МИБ ҳузуридаги “Электрон онлайн-аукцион савдоларни ташкил этиш маркази” ДУК томонидан ташкиллаштирилаётган электрон онлайн-аукцион савдоларига Республиканинг туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан 1 минг 672 та бўш ер участкалари 371 миллиард 378 миллион сўм инвестиция киритиш, 4 мингдан зиёд янги иш ўринларини яратиш шарти билан 4 миллиард 76 миллион сўмлик бўш ер участка ва майдонлар аукцион савдоларига чиқарилди.
Бугунги кунга қадар «E-IJRO AUKSION» электрон онлайн-аукцион савдоларида 48 та бўш ер участкалари 83 миллион 380 миллион сўм инвестиция киритиш, 757 дан ортиқ янги иш ўринларини яратиш шарти билан 1 миллиард 63 миллион 600 минг сўмга сотилди.
«E-IJRO AUKSION» электрон онлайн-аукцион савдоларида 1 минг 672 та бўш ер участкалари 4 миллиард 76 миллион сўм миқдордаги аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб тадбиркор ва инвесторлар ўзларига маъқул бўлган ер участкаларини онлайн-аукцион савдоларида қатнашиб сотиб олиш имкониятлари мавжуд. Бу эса ҳудудларда янги лойиҳаларни амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга.

 

М. Сулаймонов, ЎзА