Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов, Россиянинг “Лукойл” компанияси президенти В.Алекперов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида барқарор инвестиция муҳити яратилгани самарасида Ўзбекистон иқтисодиётида хорижий корхоналар иштироки кенгайиб бораётганини таъкидлади.

«Жануби-Ғарбий Ҳисор» лойиҳаси доирасида йилига 4,4 миллиард куб метр газни комплекс тайёрлаш қувватига эга қурилма, газни дастлабки тайёрлаш қурилмаси, олтита газ йиғиш пункти ишга туширилди. Объектларнинг ишга туширилиши Ҳисор конлари гуруҳида газ қазиб олиш ҳажмини йилига 5 миллиард куб метрга етказиш имконини беради.

Жаҳоннинг йирик нефть-газ корпорацияларидан бири бўлган «Лукойл» мамлакатимизда истиқболли конларни қидириш, ўзлаштириш ва углеводород хомашёсини чуқур қайта ишлаш, тайёр маҳсулотни ички ва ташқи бозорга чиқариш каби қатор инвестиция лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Жануби-Ғарбий Ҳисор ва Усюрт минтақаси ҳудудига оид 36 йилга мўлжалланган маҳсулот тақсимлаш битими 2007 йилнинг апрелида кучга кирган. «Лукойл» “Жануби-Ғарбий Ҳисор” лойиҳасига 2008 йилнинг март ойида қўшилган.

2011 йил охирида Жарқудуқ-Янги Қизилча конларида илк газ қазиб олинди. 2014 йил октябрь ойида “Ҳисорни тўлиқ ривожлантириш” лойиҳаси бўйича Одамтош, Гумбулоқ ва Жарқудуқ-Янги Қизилча газ-конденсати конларини лойиҳалаш, етказиб бериш ва қуриш бўйича тўлиқ фойдаланишга топширилишини кўзда тутувчи шартнома имзоланди.

Асосий технологик ва ишлаб чиқариш объектларини қуриш, ишга тушириш ва созлаш ишлари 2017 йил июль ойида якунланган. Лойиҳа доирасида 300 километр юқори кучли электр узатиш линиялари, иккита электр подстанцияси, 126 километр автомобиль йўли барпо этилди. 64 минг куб метр бетон қуйилди, 12 минг тонна металл конструкциялар ва 4 минг тоннага тенг ускуналар ўрнатилди, 286 километр тенг линияли қувурлар ётқизилди.

 

Ўлмас Баротов, ЎзА