Ўзбекистон ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги бошланди

24-29 сентябр кунлари Тошкент ва Жиззах шаҳарларида Ўзбекистон ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги – “ICTWEEK Uzbekistan-2018” ўтказилиши ҳақида хабар берган эдик. 24 сентябр куни ҳафталик доирасида журналистлар учун матбуот анжумани ўтказилди.
Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасига хорижий инвестицияларни жалб этиш, тўғридан-тўғри сармоялар иштирокидаги лойиҳалар улушини ошириш зарурияти ҳамон мавжуд. Матбуот анжуманида сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раҳбари Илхом Абдуллаев ҳам айни жиҳатга алоҳида эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, панел муҳокамалар давомида ахборот хавфсизлигини мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Ҳафталикда ахборот коммуникация соҳасида эришилган натижалар ва амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар намойиш этилиши баробарида, тизимга оид қатор муаммоларнинг муҳокама этилиши режалаштирилган.
– Анъанавий Ҳафталик юртимизда 15-маротаба ташкил қилинмоқда ва бу қисқа давр ичида ахборот технологиялари соҳасида тубдан бурилиш ясалган давр бўлди, – дейди Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири ўринбосари Қахрамон Юлдашев. – Олдимизда рақамли технологиялар ёрдамида иқтисодиёт соҳалари ҳамда ижтимоий ҳаётни яхшилаш, замонавий технологиялар саноатини ривожлантириш, “электрон ҳукумат” тизимини тўлақонли ишга тушириш, “хавфсиз” ва “ақлли” шаҳар тизимлари орқали юртдошларимиз ҳаётини янада енгиллаштириш каби долзарб вазифалар турибди.Кейинги беш йилда биз мамлакатнинг ялпи ички маҳсулотида ахборот технологиялари соҳасининг улушини камида 4 фоизга, дастурий маҳсулотлар экспорти ҳажмини эса 10 баробарга оширишни режалаштирганмиз. Давлатимиз раҳбари ўтган ҳафта бўлган йиғилишда Ўзбекистонда АКТ соҳасининг ривожланиш ҳолатини таҳлил қилиб, олдимизга онлайн давлат хизматларининг сони ва сифатини ошириш юзасидан аниқ вазифаларни қўйди. Шунингдек, почта алоқаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш, Ўзбекистондаги ҳар бир хонадонгача оптик алоқа тармоқларини олиб бориш вазифалари белгилаб берилди. Бу вазифаларни амалга оширилиши, истиқболдаги режаларни белгилаб олишида ушбу ҳафталик қулай, соҳанинг энг етакчи мутахассисларини ўз ичига олган майдонча вазифасини ўтайди.
Ҳафталик дастурида, анъанавий “ICTEXPO-2018” кўргазмаси ҳам ўрин олган бўлиб, 26-28 сентябр кунлари “Ўзэкспомарказ” павильонларида ўтказилади. Жиззахда эса 26-27 сентябр кунлари минтақавий кўргазма билан танишиш мумкин. Уларда ташриф буюрувчилар эътиборига маҳаллий ва хорижий компанияларнинг илғор технология, ечим ва хизматлари ҳавола этилади.
Муҳим тадбирлардан яна бири- янгича ёндашув асосида 26 сентябр куни ташкил қилинаётган “DIGITAL UZBEKISTAN” форумидир. Унда бугунги ривожланиш бўйича қарама-қарши фикрлар таҳлил қилинади, мавжуд салоҳият ва уни йўналтириш имкониятлари ўрганилади. Мутахассислар, муайян йўналишларга бўлинган ҳолда соҳани ривожлантиришга оид стратегик ечим излайдилар.
Жиззах шаҳрида илк маротаба ҳудуднинг сармоявий, инновацион ҳамда ахборотлаштириш йўналишлардаги салоҳиятига бағишланган 3 I(Investment. Innovation. Informatization) форуми ташкил этилмоқда. Бугун “Болалар учун ахборот технологиялари” акцияси ҳам Жиззахда ўтказилаётган бўлиб, унинг доирасида иккита компьютер синфи тақдим этилади.

 

Н. Тошпўлатова, ЎзА