“Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида ёшлар бандлигини таъминлаш борасида Қорақалпоғистон Республикасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Маълумотларга кўра, Қорақалпоғистон Республикасида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар сони 481 минг 900 нафардан ошади. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, прокуратура, ички ишлар, солиқ, иқтисодиёт, молия, меҳнат, қурилиш вазирликлари, Ёшлар иттифоқи ва ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳудудий кенгашлари, Савдо-саноат палатаси, тижорат банклари ҳамда мазкур идораларнинг туман-шаҳар бўлимлари ва бошқа идоралар раҳбарларидан иборат таркибда тузилган Республика штаби аниқлаган маълумотга кўра, ана шу ёшларнинг 59 минг 416 нафари ишсиз.

Умумий ёшлар сонидан 43 минг 131 нафари норасмий иш билан банд бўлганлар, 18 минг 248 нафари узоқ муддатга ишлаш учун хорижга кетганлардир. Норасмий иш билан таъминланганлар номидан кўриниб турибдики, уларнинг меҳнат хавфсизлиги кафолатланмаган ва меҳнат дафтарчаси юритилмайди. Ишлаш учун узоқ муддатга хорижга кетганлар ҳам ҳудудда бандлиги таъминланмагани боис шундай йўл тутишга мажбур бўлган.

– Бу каби муаммоларни ҳал қилиш учун вақт ҳамда давлат идоралари ва турли жамоатчилик ташкилотлари ҳамжиҳатликда иш кўриши талаб этилади, – дейди Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси А.Дониёров. – Шаҳар ва туманларда ташкил қилинган ишчи гуруҳлар томонидан ёшларга оид 22 минг 200 муаммо мавжудлиги аниқланган ва уларнинг 8 минг 400 таси жойида ҳал этилган. 13 минг 800 та муаммонинг ечими бўйича туман-шаҳарлар кесимида “йўл харита”си ишлаб чиқилган.

“Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури ижроси доирасида 24 мингдан ортиқ ёшлар тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун қарийб 621 миллиард сўм кредит маблағи сўраб мурожаат қилган. Ҳудудий комиссиялар томонидан 2018 йил учун 324 тадбиркорнинг 51 миллиард сўмлик лойиҳа ҳужжатлари саралаб олинган. Ушбу лойиҳаларнинг амалга ошиши билан 3 мингдан зиёд иш ўрни яратиш мўлжалланган.

Бугунги кунга қадар 49 нафар ёшнинг 6 миллиард 453 миллион сўмлик лойиҳалари молиялаштирилган.

– Ҳар бир фермерга иш билан банд бўлмаган бир ёшни бириктирган ҳолда, ғалладан бўшаган ерлар ҳисобидан такрорий экин учун жанубий туманларда 1 гектар, бошқа туманларда 5 гектаргача ер майдони ажратилиши белгиланди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи С.Балташев. – Ҳозирги кунда 1 минг 500 дан ортиқ ёшга 1 минг 600 гектарга яқин ер майдони ажратилган.

Ёшлар иттифоқи ва тижорат банклари ўртасида имзоланган меморандум асосида ёш тадбиркорларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тавсияси асосида имтиёзли кредитлар ажратиш белгиланган эди. Мазкур ҳужжат ижроси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларидан 67 нафар ёш тадбиркорнинг рўйхати шакллантирилиб, улардан 51 нафарига тавсияномалар берилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотларига кўра, “Бандлик” дастурига мувофиқ, 2018 йил январь-август ойларида ҳудудий Бандликка кўмаклашиш марказларига жами 11 минг 654 нафар ёш иш сўраб мурожаат қилган, уларнинг 6 минг 100 нафардан ортиғи ишга жойлаштирилган.

Умуман, ҳудудда ҳозирги кунда бандлиги таъминланмаган ёшлар рўйхати шакллантирилиб, уларни касбга қайта ўқитиш, ҳунармандчилик, томорқадан самарали фойдаланиш ва тадбиркорликка жалб этиш ишлари олиб борилмоқда.

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА