“Nobel Pharmsanoat” неча хил дорини маҳаллий хомашёдан тайёрламоқда?

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Nobel Pharmsanoat” фармацевтика корхонаси ҳамкорлигида матбуот анжумани ташкил этилди.
Ўзбекистон фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари А.Темиров ва бошқалар мамлакатимизда фармацевтика соҳасига алоҳида эътибор қаратилаётгани, бунда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 февралдаги “Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
“Nobel Pharmsanoat” хорижий корхонаси 2002 йилда “Ulkar Holding” компанияси иштирокида ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда Ўзбекистон фармацевтика соҳасида 100 фоиз чет эл сармояси асосида фаолият кўрсатаётир. Корхона йилига 5,5 миллион қути маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Айни пайтда бу ерда халқаро GMP стандартига мос 60 номда дори-дармон маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Корхонада 355 нафар юқори малакали ходимнинг бандлиги таъминланган.
Тадбирда мамлакат фармацевтика тармоғининг ривожланишида чет эл инвестицияларининг ҳиссаси, хусусан, “Nobel Ilac” компанияси томонидан “Nobel Pharmsanoat” корхонаси технологик жараёнларини модернизация қилишга йўналтирилган инвестицияси доирасида янги ва замонавий ишлаб чиқариш ҳамда лаборатория ускуналари келтирилгани юксак самаралар бераётгани ҳақида сўз юритилди.
Корхонанинг ишлаб чиқарган маҳсулотлари Туркия, Қозоғистон, Грузия ва Афғонистонга экспорт қилинмоқда. Бугунгача корхона экспортининг ҳажми 2 миллион 600 минг доллардан ошди.
Анжуман доирасида журналистлар “Nobel Pharmsanoat” фармацевтика корхонасига уюштирилган медиа-турда иштирок этди.
“Nobel Pharmsanoat” фармацевтика корхонаси бош директори Куршат Женк Четин журналистларни ишлаб чиқариш фабрикаси фаолияти билан яқиндан таништирди.
Унинг айтишича, фабриканинг 2017 йилда бошланган қурилиш ишлари, жорий йилда ниҳоясига етказилган. Фармацевтика корхонаси замон талабларига мос, сўнгги турдаги асбоб-ускуналар, ишлаб чиқариш техникалари билан жиҳозланган. Фабриканинг ишлаб чиқариш фаолияти бошланиши билан бирга бинонинг ён тарафида яна бир Пеницилин ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилди.
Корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган барча маҳсулотлар етакчи даволаш муассасаларида синовдан ўтказилган ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли сертификат ва лицензияларига эга. Бу ерда айни пайтда маҳаллийлаштириш ишларига алоҳида эътибор берилмоқда.
– Беш турдаги маҳсулотимиз тўлиқ маҳаллий хомашёдан тайёрланмоқда, – деди Куршат Женк Четин. – Эндиликда чет эл хомашёсини камайтириб, маҳаллий хомашёлардан дори воситалари тайёрлашни режалаштиряпмиз. Янги ташкил этилган “Тадқиқотлар ва изланишлар” – “Research and Development” бўлимидаги юқори малакали мутахассисларимиз янги дори-дармонларни ишлаб чиқаришни жорий қилиш устида изланишлар олиб бормоқда.
Медиа-турда шунингдек, “Никотинабс”, “Albezol”, “Tales”, “Urufor” каби бир неча турдаги дори воситалари ва уларнинг ижобий таъсири ҳақида батафсил маълумот берилди. Масалан, “Никотинабс” таблеткаси сигарет, нос, чилим каби инсон ҳаётига салбий таъсир қилувчи воситалардан қутилишда кўмакчи вазифасини ўтайди. Бу таблеткани доимий қабул қилиш натижасида 25 кунда чекишдан халос бўлиш мумкин экан.

 

Даврон Суннатов, ЎзА