Нега айрим мутахассисликлар бўйича дарслик ва ўқув қўлланмалари умуман мавжуд эмас?

2017-2018 ўқув йили учун тасдиқланган ўқув режаларида назарда тутилган юридик фанларнинг умумий сони жами 153 тани ташкил этади. Шундан фақат 128 фан юридик адабиётлар – дарслик, ўқув қўлланмалари билан таъминланган. Бу 25 та фан учун дарсликлар йўқлигини англатади. Хусусан, Тошкент давлат юридик университети магистратура мутахассисликлари бўйича юридик адабиётлар етарли эмас, таъминланганлик даражаси ўта паст. 
Давлат ҳуқуқи ва бошқаруви, солиқ ва божхона, шартнома ҳуқуқи, корпоратив ҳуқуқ, табиий ресурслар ҳуқуқи, жиноят қонунчилигини назария ва амалиётда қўллаш мутахассисликлари бўйича дарслик ва ўқув қўлланмалари, афсуски, умуман мавжуд эмас.
Энг ачинарлиси, бугунги кунда юридик таълимда фойдаланиб келинаётган юриспруденция йўналишига оид адабиётларнинг аксарияти мазмунан эскирган. Уларнинг деярли барчаси 2000-2014 йилларда яратилган. Ваҳоланки, тез-тез ўзгариб, тараққий этиб борадиган сиёсий жараёнлар юридик адабиётларни мунтазам мукаммаллаштириб боришни тақозо этади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан Тошкент давлат юридик университетида ўтказилган давра суҳбати якунида ана шуларни инобатга олган ҳолда янги юридик адабиётлар яратиш самарадорлигини ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА