“Таълим ва мутахассислик” XIХ халқаро кўргазмаси иш бошлади

Бугун Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда “Таълим ва мутахассислик” XIХ Халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади.
Кўргазма 2 йўналишда, яъни таълим ва бандлик йўналишларида ташкил этилмоқда. Унда АҚШ, Хитой, Франция, Ҳиндистон, Япония, Германия, Латвия, Чехия, Англия, Малайзия, Венгрия, Испания, Россия, Канада, Швейцария, Сингапур каби давлатлардаги нуфузли олий ўқув юртлари ва уларнинг Ўзбекистондаги филиаллари, Ўзбекистонда фаолият юритаётган олий таълим муассасалари, хорижда таълим олишга кўмаклашувчи ташкилотлар, нодавлат таълим муассасалари ҳамда ўқув курслари иштирок этмоқда.
Кўргазмадан асосий мақсад мамлакатимиздаги ҳамда дунёдаги етакчи олий таълим муассасаларида мавжуд бўлган касб ва мутахассислик йўналишлари билан ёшларни таништириш, касб танлашга кўмаклашиш, ҳукуматимиз томонидан таълим соҳасида ёшлар учун яратилаётган имкониятларни тарғиб қилиш, бўш иш ўринлари ҳақида ёшларга маълумотлар бериш, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашишдан иборат.
Кўргазмада Ўзбекистон Республикаси ва хорижий мамлакатлар ўқув юртларида мавжуд мутахассисликлар бўйича таълим олишнинг имкониятлари, қўшимча ҳунар ўрганиш ёки малака ошириш истагида бўлган ёшларга республикамизда фаолият олиб бораётган ўқув марказлари ҳамда улардаги мавжуд йўналишлар ҳақида маълумот олиш мумкин.
Бундан ташқари, ўқув юртларини жиҳозлаш учун ишлаб чиқарилган, техник воситалар, ўқув-методологик адабиётлар, мебел-жиҳозлар ва компьютерлаштиришнинг энг охирги ютуқлари билан таништириш, мамлакатимиз ва хориждаги олий ўқув юртлари, ўрта махсус таълим муассасалари, хусусий мактаблар, тил марказлари, республикамиздаги мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумот берилади.
Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги марказлар томонидан ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ахборот технологиялари соҳасидаги билимларини ошириш ва хорижий тилларни ўргатишга қаратилган бепул тўгараклар ва ўқув курсларида таълим олиш тўғрисидаги тақдимотлар иштирокчи ёшларда катта қизиқиш уйғотди.
Эслатиб ўтамиз мазкур кўргазма 3 кун давом этади.

 

И.Аҳатова, ЎзА