PEFA учун баҳолашдаги юқори кўрсаткичлар тажриба вазифасини ўтайди

“Пойтахт” бизнес марказида мамлакатимиз ва хорижнинг молиявий ташкилотлари вакиллари иштирокида бўлиб ўтаётган семинар-тренингда давлат молияларининг шаффофлигини таъминлаш, хусусан, бюджет таснифи, бюджет ҳужжатлари, марказий ҳокимиятнинг молиявий харажатларидан ташқари фаолияти, маҳаллий ҳокимият органларига ўтказмалар каби масалаларда PEFA баҳолаш тузилмаси таҳлил этилмоқда.
– Семинарда кўрилаётган масалалар давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 22 августдаги “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига қаратилгани билан муҳим, – деди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Иминов. – Бугунги иқтисодий жараён ва ўзгаришлар шуни талаб этмоқда. Халқаро баҳолашда PEFA давлат молиясини бошқаришда ўз тартиблари бўйича кўриб чиқади. 2012 йилда PEFA томонидан давлат молиясини бошқаришнинг самарадорлигини баҳолаш ўтказилган. Бу сафар ташкилот 2016 йил ўзгартирилган ва тўлдирилган талаблари асосида баҳолашади.
Делегация жорий йилнинг 5 октябрига қадар юртимизда бўлиб, бу борада якунийда хулосасини беради. Агар жараёнда қайсидир параметрлари бўйича камчиликлар бўлса, унда амалий маслаҳатлар берилади. Ютуқлар эса PEFA учун кейинги ишларида муҳим тажриба вазифасини ўтайди.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА​​