​Европарламент вакиллари Самарқандга келди

Самарқанд вилояти ҳокимлигида 20 сентябрь куни Кристиан Дан Преда бошчилигидаги Европа парламенти Ташқи ишлар қўмитаси делегацияси билан учрашув ўтказилди.
Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари О.Бобоев меҳмонларга вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ҳақида сўзлаб берди. Ҳаракатлар стратегияси асосида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнлари ва унинг самаралари мулоқотнинг бош мавзуси бўлди.
Кейинги икки йилда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг такомиллаштиргани ҳамда бу борада жамоатчилик назоратига эътиборнинг ошгани алоҳида қайд этилди. Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимидаги янгиликлар, аҳолига давлат хизматлари кўрсатишдаги қулайлик ва имтиёзлар, жамият ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни ва роли ошиб бораётганини Европа парламент вакиллари ижобий ўзгаришлар сифатида қайд этди.
– Ўзбекистонга ташрифимиздан кўзланган асосий мақсад мамлакатдаги ислоҳотлар жараёнлари билан танишиш ҳамда бу борада ўзаро фикр алмашишдан иборат эди – дейди Кристиан Дан Преда. – Кеча Тошкентда ва бугун Самарқанддаги бир қатор учрашувларимиз давомида юртингиздаги янгиланиш ва ўзгаришлар тўғрисида кенг тушунчага эга бўлдик. Самарқанд шаҳрига саёҳат эса бу тарихий ва гўзал шаҳар гўзаллигидан баҳраманд бўлиш учун қулай имконият бўлди. Бунинг учун мезбонлардан миннатдормиз.
Меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги Амир Темур мақбараси, Регистон мажмуаси ва бошқа тарихий-маданий ёдгорликлар билан яқиндан танишди.

 

Ғ.Ҳасанов, ЎзА