Транспорт бўйича халқаро конференция тафсилотларини 50 дан ортиқ ОАВ вакиллари ёритиб бормоқда

Пойтахтимизда “Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва фойдаланилмаган имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция давом этмоқда.
Халқаро конференция ҳамда унинг доирасида бўлиб ўтадиган шўъба йиғилишлари ҳақидаги тафсилотларни тезкорлик билан ёритиб бориш учун матбуот маркази ташкил этилган. Марказда замонавий компьютер, юқори тезликка эга интернет, Wi-Fi тармоғи ва бошқа барча қулайликлар яратилган. ОАВ вакиллари халқаро конференция тафсилотларини шу ернинг ўзидан туриб тўғридан-тўғри онлайн узатмоқда.
Айни пайтда конференция тафсилотларини 50 дан ортиқ (20 дан ортиқ хорижий, 30 дан ортиқ маҳаллий) ОАВ вакиллари, хусусан, Бутунроссия давлат телерадиокомпаниясининг Марказий Осиё бюроси (ВГТРК) шарҳловчиси Роберт Францев, шунингдек, Япония, Афғонистон, Буюк Британия, Қозоғистон, Қирғизистон, Эрон ва бошқа чет давлатлар оммавий ахборот воситалари вакиллари ёритиб бормоқда.

 

Д.Суннатов, ЎзА