Тақиқланган ташкилотлар аъзоларига тинч ҳаётга қайтиш имкони берилади(ми?)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни “Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Фармон террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган, шу жумладан, Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида бўлган, ўз қилмишининг ҳуқуққа хилофлигини англаб етган ва тузалиш йўлига ўтган фуқароларга Ватанига, оиласи бағрига, тинч ҳаётга қайтиш имконини бериш мақсадида қабул қилинган.
2018 йил 1 ноябрдан бошлаб террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон фуқаролари Комиссия хулосасига асосан жиноий жавобгарликдан озод этилади. Комиссия томонидан салбий хулоса чиқарилган тақдирда барча ҳолатлар қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда кўриб чиқилади.
Ўзбекистон фуқаролари ушбу фармонга мувофиқ, айбини бўйнига олиш тўғрисида шахсан арз қилиб келса, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлса ва тузалиш йўлига ўтган бўлса, Жиноий фаолият ва бошқа ҳуқуққа хилоф қилмишларни фош этишда фаол ёрдам берган бўлса, тақиқланган ташкилотлар сафига алдов йўли билан жалб этилган бўлса, тақиқланган ташкилотларнинг ғоявий ёки маънавий раҳнамоси бўлмаган бўлса, жанговар ҳаракатларда ва қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишда иштирок этмаган бўлса, террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида тақиқланган ташкилотларда ўқув, махсус ёки ҳарбий тайёргарликдан ўтмаган бўлса, террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида чиқиш ёки ҳаракатланишни амалга оширмаган бўлса жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.
Ушбу Фармон билан жиноий жавобгарликдан озод этилиб, тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этиш билан боғлиқ жиноятни қайта содир этган шахснинг такрорий мурожаати кўриб чиқилмайди.

 

Н.Насриев, ЎзА