Давлат божхона қўмитасида Афғонистон делегацияси

Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсат борасида қўшни давлатлар билан конструктив ва ўзаро манфаатга асосланган ислоҳотларни амалга оширмоқда. Бу ўз навбатида Марказий Осиё минтақасида дўстона муҳит яратишга хизмат қилади. Ўтмиши ва келажаги бир-бири билан узвий боғлиқ бўлган Ўзбекистон ва Афғонистон муносабатлари ҳам икки давлат Президентларининг мунтазам учрашувлари натижасида тобора ривожланиб бормоқда. 
Давлат божхона ахборот хизматининг таъкидига кўра, Афғонистон Ислом Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона департаментининг юртимизга ташрифи ҳам икки давлат божхона хизматлари ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқади.
Мазкур ташриф доирасида Давлат божхона қўмитаси раиси Муротжон Азимов Афғонистон Ислом Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона департаменти Бош директори Аҳмад Решод Попал билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва яқин қўшничилик, савдо-иқтисодий алоқалар тобора ривожланиб бораётганлиги қайд этилди. Бу эса ҳар иккала мамлакатнинг божхонага доир тартиб-таомилларини уйғунлаштириш ва ўзаро ахборотлар алмашинувини такомиллаштиришни тақозо этади. Шу жиҳатдан олиб қаралганда Аҳмад Решод Попалнинг Тошкентга сафари бу борадаги амалий ҳаракатларни фаол босқичга олиб чиқади.
Таъкидлаш жоизки, афғонистонлик божхоначилар делегациясининг Тошкентга сафари 16 сентябрдан бошланган бўлиб, мазкур ташриф Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида 2018 йил учун хавфсизлик масалалари бўйича қабул қилинган “Йўл харитаси” ижроси доирасида ташкил қилинган. Ташриф давомида икки томон экспертлари божхона идоралари ўртасида тизимларнинг мувофиқлиги ва ахборот алмашинувини таъминлаш, чегарада божхона жараёнлари ва процедураларини уйғунлаштиришга доир кўплаб масалаларни кенг муҳокама қилишди.
Давлат божхона қўмитаси Раиси Муротжон Азимов ва Афғонистон Ислом Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона департаменти Бош директори Аҳмад Решод Попал Божхона ишида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Битимнинг амалга оширилиши бўйича Ўзаро ҳаракатлар режасини имзолади.
Шу куни меҳмонлар Давлат божхона қўмитасининг “Божхона тарихи” музейи, Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасини юритиш ва экспертиза бошқармаси, Олий ҳарбий божхона институти ва Миллий кинология маркази фаолияти билан яқиндан танишди.

 

Н.Насриев, ЎзА