Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев пойтахтимиздаги Шайх Хованди Тоҳур ва Тўлабий (Қалдирғочбий) мақбараларини зиёрат қилгандан сўнг оммавий ахборот воситалари вакилларига қисқача интервью берди.

Ҳурматли Нурсултон Абишевич ташрифларини муқаддас қадамжолар зиёратидан бошлаганида катта маъно бор, деди Шавкат Мирзиёев. Чунки Тўлабий бобомиз доимо халқларимиз бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги йўлида хизмат қилган. Шайх Хованди Тоҳур бобомиз ҳам бутун умр элни тинчлик ва осойишталикка чорлаган. Бугун халқларимиз бирдамлиги йўлида қилинаётган ишлар ҳам ана шу қадимий дўстлигимизни янада мустаҳкамлашга қаратилган.

Халқларимиз буюк аждодларини доимо ҳурмат қилиб келган, деди Нурсултон Назарбоев. Ўзбекистон заминида қозоқ халқининг ардоқли фарзанди Тўлабий дафн этилган. Тўлабий ўз даврининг таниқли шахсларидан бири бўлиб, қози сифатида танилган. Бобомиз «Жети Жарги» қонунлар тўпламини тузишда муаллифлардан бири бўлган. Доимо элни бирликка бошлаган. Шавкат Миромоновичга қозоқ халқининг буюк фарзанди Тўлабий мақбарасини ободонлаштиришга қаратаётган катта эътибори учун миннатдорлик билдираман. Халқларимизни буюк аждодларимиз руҳи доимо қўлласин.

 

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА