Қозоғистон Президенти Тошкентга келди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев 16 сентябрь куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Аввал хабар қилинганидек, олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш, шунингдек, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган.

Музокаралар якунлари бўйича икки мамлакат Президентларининг Қўшма баёноти, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги кўп қиррали дўстона муносабатларни изчил ривожлантиришга қаратилган кўплаб ҳужжатлар имзоланади.

 

Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА