Танлов ғолиблари муносиб рағбатлантирилди

Дунёдаги ҳар бир давлатнинг миллий суверенитети ва мустақиллиги бу давлатнинг халқаро майдонда жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашида алоҳида ўрин тутади.
Айнан мустақиллик, барча сиёсий-ҳуқуқий кафолатларни ўзида мужассам этган ҳолда, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга ошириш, жамиятимизда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, минтақамизда яхши қўшничилик алоқаларини янада ривожлантириш, дунё давлатлари билан фаол ҳамкорлик қилиш, Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузини оширишда алоҳида таянч бўлиб хизмат қилмоқда.


Нукус шаҳридаги Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими кўргазмалар саройида энг қутлуғ аййём – Мустақиллик байрами арафасида анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган «Энг улуғ, энг азиз» танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Танлов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг Қорақалпоғистон бўлими, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси ва қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилиб, унда бир гуруҳ фаол журналист ва ижодкорларнинг меҳнати алоҳида эътироф этилди ва танлов комиссиясининг хулосасига кўра, 7 йўналиш бўйича ғолиблар аниқланди.

– Ушбу танловга республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий соҳасида рўй бераётган ислоҳотлар, халқимиз ҳаётида юз бераётган янгиланиш ва ўзгаришлар бўйича тайёрлаган материалларимни тақдим этган эдим, – дейди ғолиблардан бири Қорақалпоғистон телеканали журналисти Арзихон Ибрайимова.-Бу эътибор, албатта, бизни янги ижодий ишларга йўналтиради. Фурсатдан фойдаланиб, бутун халқимизни Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 34 йиллик байрами билан самимий муборакбод этаман.
Тадбирда барча ғолиблар муносиб рағбатлантирилиб, улар ташкилотчилар томонидан тайёрланган махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тантанали маросимда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Ш.Отемисов, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси К.Каримов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими раиси Д.Абибуллаев, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги директори Б.Нурабуллаевлар сўзга чиқиб, тадбир иштирокчиларини байрам билан табриклади ва танлов ғолибларига махсус диплом ва эсдалик совғаларини топширди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги