Кинотеатрлар монополиясига нуқта қўйилди

Ўзбек киносида янги давр бошланади
Мамлакатимиздаги мавжуд кнопрокат тизимида кўп йиллик анъаларни йўққа чиқарган “оламшумул” бир янгилик содир бўлди. Яъни, бундан буён киностудияларнинг мамлакатимиздаги давлат тасарруфида бўлган мавжуд кинотеатрлар билан тўғридан-тўғри алоқалари тугатилди.
Президентнинг жорий йил 24 июлдаги “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 6 апрелдаги “Республикада ягона репертуар сиёсати юритилишини таъминлашга йўналтирилган республика кинопрокат тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Ўзбеккино” миллий агентлиги тизимда бир қатор ўзгаришларни амалга оширмоқда. Улардан энг асосийси, Республика кинопрокат маркази ва уларнинг республиканинг барча ҳудудларидаги филиаллари ташкил этилиши бўлди. Ушбу марказ олдига бир қатор масалалар қўйилганки, уларнинг ечими кинопрокат соҳасидаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда асосий омил бўлиб хизмат қилади. Марказ олдида, энг аввало, экранларимизга чиқарилаётган фильмларнинг прокатини қайта жонлантириш, кино маҳсулотларини юртимизнинг барча нуқталарига ўз вақтида етказиб бериш, муносиб ижод намуналарини жаҳон кинобозорларига тақдим этиш ва уларда фаол иштирок этиш каби бошқа муҳим вазифалар турибди.
“Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори Фурқат Зокировнинг “Республикада ягона репертуар сиёсати юритилишини таъминлашга йўналтирилган республика кинопрокат тизимини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги буйруғига кўра, бундан буён Агентлик тизимидаги барча кинотеатрларни миллий ва хорижий фильмлар билан таъминлаш марказлашган ҳолда Республика кинопрокат маркази томонидан амалга ошириладиган бўлди. Кинопрокат тизимига кирувчи барча кинотеатрларда фильмлар намойишини ташкил этиш хусусий кино ишлаб чиқарувчилар – студиялар ва дистрибьютерлар билан тузиладиган шартномалар асосида Республика кинопрокат маркази томонидан амалга оширилади.
Эндиликда Агентлик тизимидаги ва бошқа кинотеатрларда Республика кинопрокат маркази билан прокат шартномалари тузилмаган ва репертуар режага киритилмаган фильмлар намойишини амалга ошириш мумкин эмас. Агентлик тизимидаги пойтахтимизда жойлашган Алишер Навоий номидаги киносаройга, Самарқанддаги Шарқ юлдузи кинотеатрига ҳамда Фарғона шаҳридаги Алишер Навоий номли кинотеатрга қарашли бўлган барча киноафиша стендлари ягона репертуар сиёсати юритилишини таъминлаш учун оператив бошқарув асосида Республика кинопрокат маркази ихтиёрига ўтказиб берилади ва улар замонавий электрон стендларга босқичма-босқич алмаштирилади. Шу билан бирга, шаффофликни таъминлаш мақсадида кинотеатрлар оптик толали алоқа линияси орқали кинопрокат электрон тармоғига уланади ва уларда электрон киночипталарни юритиш автоматлаштирилган тизими жорий қилинади.
Ўзбек киносининг сифати ва савияси ҳақида гап кетганда тилга олинадиган асосий муаммолардан бири – фильмларнинг мавзусидан тортиб, жанригача, давомийлигидан тортиб, то унда кимларнингдир буюртма асосида “тезда машҳурликка эришиш” учун асосий ролларни ижро этишию, ҳатто репертуар сиёсатини белгилаши шу кунга қадар айрим киностудиялар ва монопол кинотеатрлар қўлида бўлганлиги сабабли келиб чиққанини назарда тутадиган бўлсак, демак, энди ўзбек киносида янги давр бошланаётганига ишонгимиз келади.

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА