Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашув ўтказди

Туркманбоши шаҳри, 24 август. ЎзА мухбири Матназар Элмуродов хабар қилади.
Бугунги кунда Ўзбекистон – Туркманистон муносабатлари юксак суръатлар билан ривожланмоқда. Бунда аввало икки давлат раҳбарларининг самимий дўстлиги, ўзаро ишончи ва қўллаб-қувватлаши муҳим аҳамият касб этмоқда.
Олий даражадаги учрашувларнинг мунтазамлик касб этгани давлатлараро муносабатлар юксак даражада эканидан далолатдир. Жумладан, Туркманистон раҳбарининг жорий йил апрель ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликка янги суръат бағишлади.
Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарларининг бу галги учрашуви ўзаро манфаатли, самарадор ва фаол мулоқотларнинг мантиқий давоми бўлди.
Гурбангули Бердимуҳамедов давлатимиз раҳбарини Туркманистонга ташрифи билан қутлаб, Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг таъсисчи мамлакатлари раҳбарлари саммити ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама ҳамкорликни муҳокама қилиш учун қулай имконият эканини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев Туркманистоннинг Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислиги даврида амалга ошираётган ташаббусларини юқори баҳолаб, Ўзбекистон билан Туркманистоннинг бу борадаги лойиҳалари ва саъй-ҳаракатлари бир-бирини тўлдиришини қайд этди.
Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Туркманистон Президентининг апрель ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи кўп қиррали алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиққани таъкидланди.
Мулоқотда аввал эришилган келишувлар ижросига эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, саноат, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятига молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

 

ЎзА