Дўстлик дарвозалари ҳамиша очиқ бўлсин

Ўзбек ва тожик халқларининг муносабатлари кеча ё бугун пайдо бўлган янги воқелик эмас. Аждодларимизнинг маънавий-маданий яқинлиги асрлар мобайнида шаклланган ва давом этиб келган.
Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар чоғида шундай деб таъкидлади: “Халқларимизни асрлар давомидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва икки томонлама ҳурмат-эътибор бирлаштиради. Ўзбекистон Республикаси билан ҳамкорлик Тожикистон Республикаси ташқи сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Бугунги учрашувимиз, олиб борилаётган музокаралар негизи кўп жиҳатдан тарихий хусусиятга эга бўлиб, ҳаммамизни ҳаракатга келтиради. Улар Тожикистон ва Ўзбекистон муносабатларининг зинама-зина сифатли янги босқичга кўтарилиши учун ишончли замин яратади”.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига давлат ташрифи тижорат ва иқтисод, маданият ва башарий алоқалар, транспорт, сув ва энергетика захираларидан фойдаланиш, хавфсизлик ва мудофаа, шунингдек, икки ўлканинг минтақалараро алоқаларига асос солди.
Бугунги кунда чегарага боғлиқ деярли барча муаммо ечим топди ва бу воқелик томонларнинг бу хусусда тегишли Шартномани имзолашига имкон яратди.
30 кун мобайнида икки томонлама визасиз тартибнинг жорий этилиши олий даражадаги Тожикистон – Ўзбекистон мулоқоти натижасидир. Шу билан бирга чегаралардаги барча назорат пунктларида босқичма-босқич фаолият тикланиши тўғрисидаги икки томонлама келишув ғоят қувончлидир.
Шу ўринда олдинга қўйилган мақсадлар рўёби ва муносабатлар ривожига доир қатор икки томонлама шартномалар имзолангани ва улар Тожикистон парламенти томонидан маъқулланганини таъкидламоқчиман. Бу улуғ ишлар Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбариятининг саъй-ҳаракати билан амалга оширилди, натижада халқларимизнинг дўстлик-биродарлик алоқалари мустаҳкамланиши учун қулайликлар яратиляпти.
Жорий йилнинг 1-4 августида жамоат, сиёсат ва маданият намояндаларидан иборат Тожикистон дўстлик делегацияси Ўзбекистонга сафар қилди. Бу сафар бир-бирига дўст ва биродар Тожикистон ва Ўзбекистон олий раҳбариятининг оқилона сиёсати самараси бўлиб, ўзбек ва тожик халқларининг тотувлиги, бирдамлиги ва муҳаббати намойишига айланди.
Тожикистон дўстлик делегацияси Ўзбекистон ҳудудига киргач, истиқбол учун иссиқ қучоқлар очилди, карнай-сурнай, куй-қўшиқ садолари янгради.
Усмон Қуръонининг асл нусхаси сақланаётган Ҳазрати Имом мажмуаси зиёрати, Симпозиумлар саройи ва Адиблар хиёбони, “Ўзбекистон” меҳмонхонаси, унга туташ Амир Темур хиёбони, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Миллий ва Фанлар академияси кутубхоналари, Самарқанд шаҳридаги Улуғбек расадхонаси, Тиллакори ва Шердор мадрасалари, “Регистон” мажмуасидаги тарихий фильм-шоу намойиши, устоз Айний уй-музейига ташриф бизда бир олам яхши таассурот қолдирди.
Истиқбол қандай самимий бўлса, кузатув шу даражада эсда қоларли эди. Тақдир ҳукми билан бирлашиб кетган халқларимизни асло ажратиб бўлмайди. Меҳр-муҳаббат ва дўстлик-биродарлик дарвозалари ҳамиша очиқ бўлсин. Самимий учрашув ва мулоқотлар давомида бир-биримизни қанчалик соғинганимиз, бир-биримизга ташна эканимизга гувоҳ бўлдик.
Биз кўп асрлик тарихий дўстлик муносабатларимиз тикланишига, бу борада янги давр бошланиши, ҳамма нарса асл ҳолатига қайтишига ҳамиша ишонардик. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан буларнинг бари орзудан ҳақиқатга айланди. Қисқа фурсатда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилди. Икки томонлама манфаатли келишувларга эришилди, тижорат соҳасидаги музокаралар, маданий-гуманитар, кенг қамровли алоқалар ривожланмоқда.
Тожикистонда ўзбек тили ривожланиши учун катта эътибор бериляпти. Мамлакатимизда 260 дан ортиқ ўзбек мактаблари фаолият кўрсатмоқда. Олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларини тайёрлаш бўйича кафедралар фаолият кўрсатмоқда.
Тожикистон дўстлик делегацияси сафари доирасида парламентлараро муносабатларни кенгайтириш ҳам кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати Т.Абдусатторов
билан қонунчилик соҳасида ва икки мамлакат парламентлари орасидаги дўстлик гуруҳи ишини янада яхшилаш борасида суҳбатлашдик.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси парламентининг Мажлиси намояндагон палатаси раиси Шукуржон Зуҳуровни қабул қилганида дўстона муносабатларимиз икки халқ қалбларига илдиз отган, деб лутф этди. Шундай экан, бу алоқаларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш ҳар биримизнинг сиёсий ва инсоний вазифамиздир.
Тарихий ва маданий қадриятларимиз умумийлиги, икки томонлама эҳтиром ва ҳамжиҳатлик анъанаси Тожикистон билан Ўзбекистоннинг истиқболли ҳамкорлигига устувор замин яратади.
Лутфия Ражабова,
Тожикистон Республикаси парламенти
Мажлиси намояндагон палатасининг
илм, маориф, маданият ва ёшлар
сиёсати бўйича қўмитаси раиси

 

ЎзА