Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида “тезкор алоқа” тармоғи ишга туширилди

Эндиликда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Ишонч телефони” – 1003 таркибида куну тун фаолият кўрсатувчи “тезкор алоқа” тармоғи Республика Перинатал марказида, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри перинатал марказларида ишга туширилди. 
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 2 февралда имзоланган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майидаги “Қизлар ва фертил ёшидаги аёлларга кўрсатиладиган акушер-гинекологик ва тиббий ёрдам хизматлари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Қизлар саломатлиги марказлари ва бўлимлари ҳамда Аёллар маслаҳатхоналари ташкил этилгани хотин-қизларимиз саломатлигига эътибор янада кучайиб бораётганидан далолатдир.
3088dbae-7da3-4123-8d2d-658e6f259890.jpg
Ишга туширилган “тезкор алоқа”нинг асосий мақсади реал вақт режимида қизлар ва аёлларга сифатли тиббий маслаҳатлар бериш, оилада нотинч ҳолатлар юзасидан аёллар томонидан билдирилган мурожаатларга кўра, оилани сақлаб қолишга доир тегишли маслаҳатлар бериш, репродуктив саломатлик ва жинсий тарбия юзасидан аҳоли билими ва маданиятини оширишга қаратилган ҳамда қизлар ва аёлларнинг мурожаатларида кўтариб чиқилаётган масалаларни таҳлил қилиш, умумлаштириш ва соҳага оид тизимли муаммоларнинг олдини олиш борасида тегишли ташкилотларга таклифлар киритишдир.
Мазкур саъй-ҳаракатлар 14 миллионга яқин аёлларимиз ва қизларимизга самарали акушер-гинекологик хизмати ҳамда кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Энг муҳими, юқори малакали тиббий ёрдам кафолатланган ҳолда амалга оширилади ва бу борадаги фаолият давом эттирилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 
Ахборот хизмати

 

ЎзА