Футболчиларимиз Осиё ўйинларини ғалаба билан бошлади

Яна тўрт кундан кейин Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида 18-бор ўтказилаётган ёзги Осиё Ўйинлари расман старт олади. Айни пайтда эса баъзи спорт турларида баҳслар бошланиб ҳам кетган. 

Хабарингиз бор, қитъамиздаги тўрт йилликнинг муҳим спорт тадбирида иштирок этувчи спортчиларимиз орасида Индонезияга биринчилардан бўлиб футболчиларимиз етиб боришганди. Ва айнан футбол бўйича терма жамоамиз қитъа Ўйинларида биринчи бўлиб майдонга тушишди.

Бир неча дақиқалар олдин Равшан Ҳайдаров устозлигидаги терма жамоамиз гуруҳдаги дастлабки ўйинини Бангладеш термасига қарши ўтказди ва рақибларини 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратишнинг уддасидан чиқишди. Жакартадаги “Пакансира” стадионида кечган ўйинда голларга Забихилла Ўринбоев (24), Достон Ҳамдамов (57) ва Икром Алибоев (67) муаллифлик қилишди.
Термамиз иккинчи турни 16 август куни Қатарга ва 19 августда Таиланд термасига қарши ўтказади. Ўйинлар Тошкент вақти билан соат 17:00да бошланади.

Шунингдек, Осиё Ўйинларида футбол бўйича ўзбекистонлик ҳакамлар ҳам фаолият олиб боришмоқда. Эркаклар ўртасидаги мусобақаларга Азиз Асимов ва Руслан Серазетдинов, аёллар ўртасидаги ўйинларга эса Анна Сидорова ва Зилола Раҳматова таклиф этилган. Бугун бўлиб ўтадиган БАА – Сурия учрашувида Азиз Асимов бош ҳакам, Руслан Серазетдинов эса қанот ҳаками сифатида тайинланган. Асимовга ёрдам берувчи иккинчи ҳакам эса қирғизистонлик Замирбек Чиннибековдир.

 

Ойбек Юнусов, ЎзА