“Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиби аниқланди

Фарғонада “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллигига бағишлаб “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилган танловда ижодий ташкилотлар вакиллари, шоир-ёзувчилар, тасвирий санъат усталари, журналистлар иштирок этди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Л.Тангриев, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси раиси И.Латипов ва бошқалар мамлакатимизда ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб турмуш ва меҳнат шароити яратиш, истеъдодини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Танловда 100 га яқин ижодкорнинг 500 дан зиёд ижодий ишлари кўриб чиқилди.
Ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари номинациясида биринчи ўринни Матлуба Деҳқон қизи қўлга киритди. Босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг журналистик ишлари номинациясида “Риштон ҳақиқати” газетаси муҳаррири Йигитали Зайлобиддинов, телерадио ижодкорларининг энг сара материаллари ҳамда тасвирий санъат, фото ва дизайн номинациялари бўйича вилоят телерадиокомпанияси директори Жўрабек Мамарасулов, Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси Аҳмаджон Аъзамжонов, “Фарғона ҳақиқати” газетаси фотомухбири Шерзод Қорабоев ғолиб, деб топилди. Қўшиқчи ва ижрочи санъаткорларнинг ижодий ишлари йўналишида эса хонанда Отабек Мамазоитов биринчи ўринга муносиб кўрилди.
Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги Театр-концерт саройида бўлиб ўтган тадбир доирасида вилоятда ижод қилаётган тасвирий санъат усталарининг кўргазмаси ҳамда китоб ярмаркаси ташкил этилди.
Ғолиб ва совриндорлар диплом, эсдалик совғалари ҳамда фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.

 

М.Сулаймонов, ЎзА