Москвада ўзбек миллий ҳунармандчилик кўргазмаси намойиш этилди (+фото)

Москва шаҳрида давом этаётган «АрМи — 2018» Халқаро армия ўйинларида иштирок этувчи барча мамлакат вакиллари томонидан ўзларининг миллий анъана ва қадриятларини тарғиб этувчи кўргазма ташкил этилди. Ўзбекистон ҳарбийлари миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари билан ушбу кўргазмада иштирок этди.
Ўзбекистон Мудофааси матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур кўргазмада ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси билан ҳамкорликда иштирок этиб, ташриф буюрувчилар эътиборига ўзбек миллий ҳунармандчилиги маҳсулотлари намуналарини тақдим қилди.
Кўргазмага асосан ёғочдан ясалган ҳунармандчилик маҳсулотлари, ганч ўймакорлиги, наққошлик санъати, қўлда тўқилган гиламлар, мусиқа асбоблари, миллий безакли чопон ва дўппилар, майда ҳайкалтарошлик буюмлари, турли ўйинчоқлар қўйилган.
Бундай кўргазмалар турли миллат ёшларининг ўзбек миллий ҳунармандчилигига бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилади.
Кўргазма иштирокчилари ўзбек миллий ҳунармандчилиги маҳсулотларини юқори баҳолади ва, албатта, келажакда Ўзбекистонга ташриф буюриш иштиёқида эканлигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, «АрМи — 2018» Халқаро армия ўйинлари 28 йўналиш бўйича 30 дан ортиқ давлат ўртасида ўтказилмоқда. Ўзбекистонлик ҳарбийлар 12 та йўналиш бўйича иштирок этяпти.
3A8A2601.JPG
ВЫСТАВКА (4).jpg
ВЫСТАВКА (5).jpg
ВЫСТАВКА (7).jpg
ВЫСТАВКА (9).jpg
ВЫСТАВКА (11).jpg
ВЫСТАВКА (14).jpg

 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА