Туризм ривожи учун ҳеч бир жиҳатни эътибордан четда қолдирмаслик лозим

Тошкент вилоятида туризм инфратузилмасини яхшилаш, туристларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш борасида соҳага илғор инновацияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вилоят туризмни ривожлантириш департаментидан маълум қилишича, “Қорасув-Бўка-Бекобод” 4Р-20 йўлининг Пискент туманидан ўтувчи 18-километр қисмига биоҳожатхона ўрнатилди. Ушбу инновацион қурилма санитария-гигиена талабларига тўлиқ жавоб беради. Биоҳожатхона сув таъминоти, вентиляция, ички ва ташқи ёритиш тизими, сантехник жиҳозлар ва гигиеник қўл ювиш воситалари билан жиҳозланган.
– Тожикистондан келаётган сайёҳлар ҳисобига “Қорасув-Бўка-Бекобод” 4Р-20 йўлида туристлар оқими сезиларли даражада кўпайди, – дейди вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти шўъба мудири З.Алланов. – Ушбу йўлнинг 18-километр қисмида бекат, умумий овқатланиш шохобчаси, уй музейи ва зиёратгоҳ жойлашгани боис бу жойга йўловчилар кўп тўхташади. Шуларни инобатга олиб, биринчи биоҳожатхона ушбу манзилга ўрнатилди.
Маълумотларга кўра, жорий йил сентябрь ойига қадар вилоятда яна 9 та ана шундай биоҳожатхона ташкил этилади.

 

Авазбек Худойқулов, ЎзА