Тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган имтиёзли кредитдан кимлар фойдалана олади?

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 августдаги “Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар белгилаб қўйилди.

Унда маданият ва санъат нодавлат муассасаларини ривожлантириш ва давлат-хусусий шерикликни рағбатлантириш тадбирларини молиялаштиришга йўналтириладиган маблағларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармасида очиладиган алоҳида ҳисоб варақда жамлаш тўғрисида маълумот берилди.Маданият ва санъат нодавлат муассасалари харажатларининг бир қисмини қоплаш учун давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил қилинган шундай муассасаларга давлат маданият ва санъат муассасасининг йиллик даромадлари ва харажатларидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш тартиби жорий этилади.

Махсус ҳисоб варақдаги маблағлар туман ва чекка қишлоқ жойлардаги театрлар, кинотеатрлар, маданият ва аҳоли дам олиш марказлари, маданият ва истироҳат боғлари, концерт заллари, ҳайвонот боғлари ва бошқа маданий объектлар негизида маданият ва санъат нодавлат муассасаларини ташкил этиш мақсадида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашга фоизсиз асосда имтиёзли кредит бериш учун тижорат банкларига тақдим этилади.

Махсус ҳисоб варақ маблағларидан имтиёзли кредитлар тижорат банклари томонидан маданият ва санъат соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларига 10 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 7 фоизли ставка бўйича ажратиб берилади.

 

ЎзА